Мақолалар

АҚИҚА ҚИЛИШ

Чоп этилди Iyun 13, 2019 АҚИҚА ҚИЛИШda fikr bildirishni o'chirish

«Ақиқа» луғатда кесиш деган маънони англатади. У «аққа» сўзидан олинган бўлиб, шаръий истилоҳда чақалоқ туғилганининг еттинчи, ўн тўртинчи, йигирма биринчи куни ёки кейинроқ фарзанд шукронаси ва жонининг гарови сифатида қўй сўйиб қилинадиган «ақиқа»ни анг­латади. Арабларда янги туғилган чақалоқнинг бошидаги соч «ақиқа» дейилгани учун унинг сочи ҳам олинади. Ақиқа эваз, гаров бўлиб, болага етадиган бало, тузалмас касалликлар эвазига унинг но­мидан бирор жонлиқни сўйиб, садақа қилишдир.

Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

قال النبي عليه السلام: مع الغلام عقيقة فأهريقوا له دما و أميطوا عنه الأذى

«Янги туғилган болага ақиқа қилинглар, қон оқи­зиб, азиятларини даф қилинглар» (Имом Бухорий ривоя­ти).

Бошқа ҳадисда:

و روى أصحاب السنن عن سمرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «كل غلام رهينة بعقيقته، تذبح عنه يوم سابعه، و يسمى ويحلق رأسه».

«Сунан» эгалари Самрадан ривоят қилишади: «Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ақиқа болага гаровдир. Еттинчи куни қўй сўйилади, исм қўйилади ва сочи олинади”, дедилар».

Ақиқанинг яна бир фазилати – туғилган чақалоқ ёшига тўлмасдан вафот этадиган бўлса, жаннат эркатойи бўлади. Яъни, қиёмат куни «онам жаннатга кирмаса, мен ҳам кирмайман», дейди. «Онанг кирди, энди жаннатга кир», дейилса, «отам кирмагунича кирмайман», деб туриб олади. Балоғатга етмай вафот этган болалар жаннатий ҳисобланишади.

Ақиқанинг бир неча фойда ва ҳикматлари бор:

  1. Жонлиқ сўйиш туфайли Аллоҳга яқинлик ҳосил қилинади.
  2. Болани мусибат ва офатлардан асрайди, иншааллоҳ.
  3. Болага гаров бўлади.
  4. Мўминлар сони кўпайгани учун хурсандчилик пайдо қилади.
  5. Янги туғилган болага қилинган зиёфат туфайли кишилар орасида меҳр-оқибат кучаяди.
  6. Боланинг сочи миқдорида қилинган садақа сабабли жамиятда тенглик пайдо бўлади.

Шу ўринда шариат жорий қилган баъзи зиёфатларнинг номларини маълумот учун келтириб ўтишни маъқул кўрдик:

Қироҳ – ёз зиёфати.

Туҳфа – меҳмон келса бериладиган зиёфат.

Харс – туғруқдан кейин бериладиган зиёфат.

Маъдаба – таклиф қилинганида бериладиган зиёфат.

Валима – тўй зиёфати.

Ақиқа – фарзанд туғилганидан кейин етти кун ўтиб бериладиган зиёфат.

Ғадира – бола хатна қилинганида бериладиган зиёфат.

Вазима – азадан сўнг бериладиган эҳсон.

Нақиҳа – сафардан қайтганида бериладиган зиёфат.

Вакира – иморат битганида бериладиган зиёфат.

Шу ўринда бир нарсани айтиш керак, одамларнинг топиш-тутишлари ҳар хил бўлгани учун баъзилар ақиқа қи­лолмасликлари мумкин. Шу боис қурби етмайди­ганлардан ақиқа соқит бўлади. Қўй ўрнига хўроз ёки бошқа жонлиқ сўйдираман деса, ақиқа ўрнига ўтмайди, чунки ҳадисда айтилган жонлиқнинг миқдори энг кам эътиборидадир. Яъни, ундан кичикроқ нарса ақиқа ҳукмига кирмайди. Чунки ақиқа қурбонликка ўхшаш бир амалдир.

Ҳозирги пайтда айрим жойларда ўғил болаларга ақи­қа қилинади-ю, аммо қизларга ақиқа қилишга унча аҳа­мият берилмайди. Бу иш нотўғри. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Боланинг офат ва касалликлардан омонда бўлиши ақиқага боғ­лиқдир», деганлар.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси”  китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм