Мақолалар

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ ОДОБИ

Чоп этилди Iyun 13, 2019 ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ ОДОБИda fikr bildirishni o'chirish

Ота-онадан олдинга ўтиб юрмаслик, улардан юқорига чиқиб ўтирмаслик, насиҳатларидан аччиқланмаслик, улардан олдин таомга қўл чўзмаслик, ухлаганида юқорида ётмаслик ва буюрганларини бажариш кабилар ота-онага яхшилик қилиш одобига киради.

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “Уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!

Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро сураси, 23–24-оятлар).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким отасига ғазаб билан четни кўрсатса, у яхши қилмабди”, дедилар (“Мажмаи завоид”, 28-жилд).

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир киши билан бир чол келди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳой, ёнингдаги ким?” дедилар. У: “Отам”, деди. Шунда: “Олдинда юрма, ундан олдин ўтирма, исмини айтиб чақирма ва уни ҳақоратлама”, дедилар (“Мажмаи завоид”, 28-жилд).

Шундай одоб билан шарафланган улуғларимиз ҳаётидан намуналар:

“Уйунул ахбор” китобида келтирилади. Умар ибн Зайддан: “Ўғлингнинг сенга бўлган меҳрибонлиги қандай?” деб сўралди. У киши: “Кундуз орқамдан, кечаси олдимда юради ва ундан юқорида ётаман”, деди. Яъни, Умар ибн Зайднинг ўғли отасини ҳурматлаб, кундузи орқароқда, кечаси қоқилиб, чуқур-чаноққа тушиб кетмасин, деб олдинда юрар экан.

“Мажмаи завоид” муаллифи ривоят қилади. Абу Ғассон Забий дейди: «Отам билан иссиқда пиёда кетаётган эдик, олдимиздан Абу Ҳурайра чиқиб қолди. Абу Ҳурайра: “Ёнингдаги ким?” деди. Мен унга: “Отам”, деб жавоб бердим. У: “Отангдан олдин юрма, орқасида ёки ёнида юр, юрганингда ҳам ораларингдан киши ўтадиган бўлмасин. Отанг ётган уйнинг томига чиқма. Отангнинг назари тушган гўштни ема, отангнинг егиси келган бўлиши мумкин», деди.

Мансурнинг мажлисида Солиҳ Аббосий қат­нашди ва гапида “Раҳматли отам” деган сўзни кўп ишлатди. Шунда хизматкор Робеъ: “Мўминлар амирининг ҳузурида раҳматли отам деган сўзни кўп айтмагин”, деди. Шунда Солиҳ: “Мен сени койимайман, чунки сен ота лаззатини татимагансан”, деди. Мансур табассум қилиб: “Бу Ҳошим қабиласидан бўлган кишиларга ташланганларнинг жазосидир”, деди.

Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”ида ривоят қилади: Бир киши Абу Дардога: «Отам мени қўймай (зўрлаб) уйлантирди. Энди бўлса, менга унинг жавобини (талоғини) беришни буюради, мен энди нима қилай?” деди. Абу Дардо: “Мен отангга оқ бўлишни буюрмайман ва хотинингни талоқ қилишни ҳам буюрмайман. Хоҳласанг, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганимни айтиб бераман: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота жаннат эшигининг ўртаси, бас, у эшикни ҳимоя қил. Агар хоҳласанг, тарк қил”, дедилар».

Имом Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Менинг хотиним бор эди. Уни яхши кўрар эдим. Хотинимни отам Умар (розияллоҳу анҳу) ёмон кўрар эди. Менга: “Уни талоқ қил”, деди. Мен рад этдим. Отам Умар (розияллоҳу анҳу) мени Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб борди ва бор гапни у кишига айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Унинг жавобини бер”, дедилар».

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм