Мақолалар

Диний бағрикенглик – тинч-тотувлик омили

Чоп этилди Iyun 14, 2019 Диний бағрикенглик – тинч-тотувлик омилиda fikr bildirishni o'chirish

Бизнинг қадимий ва саҳоватли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саҳовати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг ҳалқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат МИРЗИЁЕВ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов “…бугунги кунда, башарият мураккаб тараққиёт жараёнини бошдан кечираётган бир пайтда диний бағрикенглик, турли динларга мансуб халқлар ўртасидаги мулоқот ва амалий ҳамкорликни кучайтириш ниҳоятда долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда”– деб айтган эдилар.

Муқаддас динимиз ўзга дин вакилларига ҳам эзгулик қилишга ўргатади. Ҳайбар ғазотида тушган ўлжалар ичида Тавротдан бир қанча саҳифалар ҳам бор эди. Яҳудийлар келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўша саҳифаларни қайтариб беришларини сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни яҳудийларга қайтариб беришга амр қилдилар. Бу Исломдаги диний бағрикенгликнинг ёрқин далилидир.

Мамлакатимизда истиқомат қилиб келаётган турли дин, миллат ва элатлар орасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январдаги қарори билан Республика Байналмилал маданият маркази ташкил этилди ва миллий маданий марказлар фаолиятига кенг йўл очиб берилди. ЮНЕСКО 1995 йил 16 ноябрда “Бағрикенглик тамойиллари Декларатсияси”ни қабул қилди. Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминда адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаб келган[1].

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг ўз она тилида ўқиши учун кенг имкониятлар яратилган. Олий ўқув юртлари, мактабларда барча миллат вакиллари учун тенг шарт-шароитлар мавжуд, кўплаб тилларда газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар олиб борилаётгани бу борадаги фаолиятнинг яққол далилидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиқди.

Қувонарлиси шуки, БМТ Бош Ассамблеясининг 12 декабрдаги ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюцияси қабул қилинди. Бинобарин Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган. Резолюция нафақат БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан, балки 50 дан ортиқ давлатлар ҳаммуаллифлигида қабул қилинди.

Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида оқилона ислоҳотлар ва амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Шу нуқтаи назардан бағрикенглик инсонларни бирлашишга, аҳил-иноқ ва фаровон ҳаёт кечиришга чорлайди.

Муҳаммадодил ИНОМДЖОНОВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 9-сонидан