Мақолалар

Ов ва унга оид ҳукмлар

Чоп этилди Iyun 14, 2019 Ов ва унга оид ҳукмларda fikr bildirishni o'chirish

Она-табиатнинг мафтункор қўйнида тоғ ёнбағри ва бепоён қир-адирларда ов қилишнинг гашти ўзгача бўлади.

Лекин шариатимиз бўйича овга оид ҳам қатор кўрсатмалар бор. Буни овчи яхши билиши ва унга амал қилиши зарур.   

 Бизнинг мазҳабда ушлаш мумкин бўлмаган ҳайвонларни овлаш мубоҳ саналади. Ов икки турга бўлинади. Биринчиси ўргатилган ит ё қушлар ёрдами билан ов қилиш, иккинчиси қурол отиб ов қилиш.

Овчи ҳалол-ҳаромни фарқлай оладиган ёшда бўлиши, ўқ узаётганида овчи ит ё қушни овга қўйишда “Бисмиллаҳ, Аллоҳу Акбар” деб айтиши шарт. Ит ва бошқа ҳайвон ё қушлар билан ов қилганда улар тутиб келган нарсани ҳалол бўлиш шарти бештадир: улар овга ўргатилган бўлиши, ушлаган овни жароҳатлаши, уларни тасимия айтиб қўйиб юбориши, улар қўйиб юборилганидан сўнг бошқа нарсага машғул бўлиб қолмаслиги ва улар овига бошқа йиртқич ҳайвонинг қўшилмаслиги шарт.

Қурол билан ов қилинган ҳайвоннинг ҳалол бўлиш шартлари булардир: ўқ узишдан олдин тасмия айтиш, овни жароҳатлаш, ўқ узган заҳоти ўқи теккан ҳайвонни топиш учун юриш. Агар овчи ит ушлаган ё ўқи теккан ҳайвон тирик бўлса сўнг дарҳол тасмия айтиб бўғизлаш керак. Ўқ отиб ов қилишда овланган ҳайвонни ҳалол бўлишининг муҳим шарти ўқ думолоқ бўлмаслиги тиғли бўлиши лозим.

Ўткир тиғли найза отилганда ҳайвоннинг бирор жойини кесиб, танасида узиб юборса, тана ҳалол, узилиб кетган бўлак эса ҳаром саналади.

Ёғоч, оғир нарсалар билан уриб ўлдирилган ҳайвон ўлимтик ҳукмида бўлади. Қуръони каримда бундай таъкидланади: “Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир)” (Моида сураси, 3-оят).

Агар ҳайвон ўзи овлаб келса, тутиб келган ўлжа ҳаром бўлади.

Қуш ёки ҳайвон билан ов қилаётган овчи бошқа ишларга чалғимаслиги, ўлжасини дарҳол қўлга киритиб, чалажон бўлса, сўймоғи лозим. Аммо овчи ўлжага етиб борганда унинг жони чиққан бўлса, ит ё қуш унинг бир қисмини емаган бўлса, сўймаса ҳам ҳалол. Лекин тирик ҳолда бўлса, кейин бир муддат ўтиб ўлса, қодир бўлатуриб сўймагани учун ови ҳаром.

Ов қилиш учун албатта шаръий сабаб бўлиши лозим. Кўнгилхушлик учун ов қилиш таҳримий макруҳдир.

 

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

Мўминжон САИДАЛИЕВ тайёрлади