Мақолалар

КАТТА ҲАЁТ БЎСАҒАСИДА ёхуд Исломда оила ва никоҳ масалалари  

Чоп этилди Iyun 14, 2019 КАТТА ҲАЁТ БЎСАҒАСИДА ёхуд Исломда оила ва никоҳ масалалари  da fikr bildirishni o'chirish

Тошкент шаҳридаги “Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон БЕГМАТОВ билан суҳбат.

– Муҳтарам домла, суҳбатимизни динимизда оила қуришга қандай тарғиб қилингани ҳақида бошласак.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Никоҳ – Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидир. Шунинг учун имкони бор, жисмоний жиҳатдан соғлом эр киши оила қуриши керак. Уламолар никоҳни бир неча қисмга бўлишган: никоҳ мўътадил ҳолатдаги кишига суннати муаккада. Уйланмаса зино қилиши муқаррар бўлган кишига фарз, эҳтимоли бўлса вожиб бўлади. Оила қурса аёлига зулм қилиб қўйиши аниқ бўлган, хулқи бузуқ, ичкиликка муккасидан кетган, шифокорлар томонидан жисмоний жиҳатдан заиф ташхиси қўйилган кишига ҳаром, шу ҳолатларнинг эҳтимоли бўлса макруҳ ҳисобланади.

– Оила қуриш арафасидаги ёшлар ва уларнинг ота-оналари келин ёки куёв танлашда нималарга аҳамият бериши керак?

Бўлғуси эр-хотиннинг бир-бирига ҳар томонлама муносиб бўлиши лозим.  Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оила қуриш арафасидаги саҳобаларга диёнатли қиз танлашини тавсия қилганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Аёл кишига тўрт нарсаси: бойлиги, насаби, гўзаллиги ва дини учун уйланилади. Диндорини танланг, барака топасиз” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадиси шарифда келтирилган сифатларнинг барчаси қизда топилса, нур устига аъло нур. Аммо бундай бўлмаса, эътиборга олинадиган муҳим жиҳат – қизнинг дину диёнатидир.  

  • Бўлғуси келин-куёвнинг никоҳдан олдин кўришиб туриши мумкинми?

– Шариатимизда турмуш қурмоқчи бўлган ёшларга никоҳдан олдин бир марта бир-бирларини кўришларига рухсат берилган. Бу, албатта, гувоҳлар иштирокида бўлиши керак. Йигит ва қизни холи қолиши мутлақо мумкин эмас.

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу: “Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Уни кўрдингми?” деб сўрадилар. Мен: “Йўқ”, дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен уни кўргин, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Шунинг учун йигит ва қизнинг никоҳдан олдин кўп учрашуви, телефон ёки ижтимоий тармоқлардаги мулоқот қилиши дуруст эмас. Сабаби икки жинс ўртасида шайтон, нафс, шаҳват бор.

“Ёшлар тўйдан олдин бир-бирини синовдан ўтказишсин”, деганлар хато қилишади.

Тарихга назар солсак, тўйдан олдинги синов деган тушунча бўлмаган. Оила қуриш деганда фақат моддий жиҳат – ейиш, кийиниш, юриш-туришга эътибор бериб, маънавий томонни унутиб қўяётгандекмиз.

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимизда қурилаётган оилаларнинг 43–46 фоизи ажрашиб кетяпти. Тарихий манбаларни ўрганиб, мутахассисларга мурожаат қилганимизда XIX асрда оилавий ажрим атига 5–6 фоизни ташкил этгани маълум бўлди. Ваҳоланки, у пайтда кўпчилик иқтисодий жиҳатдан ночор шарт-шароитда яшашган. Аммо одамларда имон-эътиқод, меҳр-мурувват, эркакларда мардлик, аёлларда иффат-ҳаё кучли бўлган. Бугун иқтисодий жиҳатдан боймиз. Келин-куёвнинг сарпо-суриғи, шарт-шароити, ипидан-игнасигача ҳамма нарсаси бор. Лекин меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ оз. Йигитларимизда ғурур, ор, қизларимизда ибо-ҳаё камайиб боряпти. Шунингдек, ёшларда оила масъулиятини ҳис этиш йўқ.

  • Совчи қандай фазилатларга эга бўлиши керак?

– Бу масъулиятли вазифа омонатдор, зукко, илмли ва катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган кишига топширилиши керак. Шунингдек, у келин ва куёв томонни яхши таниган, қариндош ёки қўни-қўшни бўлиши мақсадга мувофиқ.

Совчи ҳар иккала томондан бирор нарсани яширмаслиги, ўртада холис бўлиши лозим. Совчи икки томоннинг бирида ошкора қилиб бўлмайдиган айбни билса, ўртага тушмасидан олдин “тўғри келмайди”, “муносибмас” дейиш билан кифояланиши лозим.

– Мусулмон киши ижтимоий тармоқлардаги совчи каналлари ёки телефон компанияларининг танишув хизматидан фойдаланиб, ўз бахтини излаши мумкинми?  

– Совчилик – касб-ҳунар ёки алоҳида ташкилот очиб, хоҳлаган кишиларни бир-бири билан учраштириб қўядиган фаолият тури эмас. Чунки сиз айтган каналлар томонларнинг ўзи айтган маълумотларига қараб иш кўради. Ижтимоий тармоқ саҳифалари ёки каналларида йигит ўзи ҳақидаги маълумотни жойлаштириб, унга фалон ёш, бўй, вазн, маълумот, миллатдаги қиз керак, дейди. Шу тарзда ўзига жуфт излаш хато иш. Чунки, интернетда ўзига жуфт излайдиганлар енгил ҳаёт тарзига ўрганган бўлиб, кўпинча бир-бирининг зоҳирий кўринишига эътибор беради, ботиний томони эса эътибордан четда қолади.

Боз устига ижтимоий тармоқлардаги воситачиларда омонатдорлик ҳисси мутлақо йўқ. Уларнинг мақсади – икки томонни топиштириш ва келишилган пулни олиш. Бундай фаолият динимизга ҳам, урф-одатимизга ҳам умуман тўғри келмайди.

– Бошқа миллат ёки дин вакиллари билан оила қуриш масаласи бўйича  шариатимизнинг йўл-йўриғи қандай?

– Мусулмон эркак самовий дин вакиллари – аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар)дан уйланиши мумкин. Аммо уларга қиз бериб бўлмайди. Бунинг сабаби мусулмон эркакка теккан насроний ёки яҳудий аёл ўз динида қолиб, бемалол тоат-ибодатини қилиши мумкин. Аксинча, аҳли китобдан бўлган эр муслима аёлни ўз динида қолишига рухсат бермайди. Уни мажбурлаб ўз динига киритишга ҳаракат қилади.

– Юртимизнинг айрим жойларида куёв томондан келинга маҳр бериш ўрнига “қалин”  пули бериш одати бор.

– Баъзи вилоятларимизда шу урф бор. Ўша ердаги илмли кишилар: “Қалин бизда маҳр ўрнида. Бу аввалдан урф бўлиб келган”, дейди. Шу боис биз уларга: “Келин томонга мулк берилаётганда бу урфимизда қалин, аслида эса қизнинг маҳри бўлади”, деб уни кимга, нима учун берилиши ва қаерга сарфланишини тушунтириб қўйинглар, деб таъкидлаймиз. Чунки маҳр – аёлга шахсий мулк қилиб берилади.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

суҳбатлашди