Адашган йигит ҳикояси: 
– Мен ўз бошимдан ўтган воқеаларни ибрат учун бош­қаларга сўзлайман:
“Кунларнинг бирида айримлар каби мен ҳам “Чет элда ишлаб, осон пул топиш ва тез бойиш” фикрига тушиб қолдим. Шу мақсад билан Санкт-Петербург шаҳрига бордим. У ерда мени укам Шавкат кутиб олди. Ишга жойлашиб, оиламнинг моддий аҳволини яхшилашга иштиёқим кучли эди. Аммо у ердаги ҳаёт мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Укам Шавкат ва атрофидагилар алланиманидир режалаштирар, тундан тонггача суҳбатлашиб, кундузлари эса уйқудан бош кўтаришмасди. 
Шундай кунларнинг бирида телефонимга хат келиб қолди. Бу хатни ўқисам, ҳижрат қилишга оид сўзлар ёзилган экан. Мен буни укам Шавкатдан сўрадим. Укам ва унинг шериклари менга бу хатнинг мазмунини шарҳлаб, халифаликка асос­ланган Ислом давлатини барпо қилиш зарурлигини айтишди. 
Шу тариқа мен ҳам уларнинг даъватларига қизиқадиган ва интернет орқали бўладиган мулоқотларни интизорлик билан кутадиган бўлдим. Ниҳоят, мен укам билан бирга жиҳод қилишга тайёргарлик кўриш ва Сурияда бўлаётган қуролли тўқнашувларда бевосита иштирок этиш мақсадида Истанбул шаҳрига йўл олдик. Истанбулдан Урфага, сўнгра чегарани бузган ҳолда сим тўрлар тагидан Сурия ҳудудига ўтдик. Сурияда бўлаётган қонли тўқнашувларда иштирок этиб, укамдан айрилдим. 
У ерда кўрган қора кунларим менинг кўзимни очмади. Қарийб беш ой сарсон-саргардонликда юрганимдан кейин ортга қайтишга қарор қилдим. Мақсадим юртимга келиб, халқни жиҳод қилишга тарғиб этиш эди. Суриядан чегарани буз­ган ҳолатда Урфага ўтиб, у ердан Истанбул шаҳрига етиб олдим. Истанбулдан Қирғизистонга келиб, Ўш орқали Фарғона водийсига ўтдим. Она Ватаним Ўзбекистон тинчлигини, одамларнинг хотиржам яшаётганини кўриб,  қувондим, лекин шунда ҳам кўзим очилмаганидан афсусдаман...
Мен бугун суднинг қора курсисида ўтириб, бир нарсани айт­моқчиман. Аслида мен зулмат оламидан нур излабман, оёғим остида турган нурли ва чароғон йўлни кўрмасдан охири йўқ, боши берк кўчага кириб қолганимни билмаган эканман”.
 
“Интернетга ин қурган  ўргимчаклар” 
китобидан олинди.