Аёл зоти ўзининг нафосати ва латофати, муҳаббат ва садоқати, оналик меҳри билан Яратганнинг тенгсиз мўъжизасидир. Кўнгиллар фариштаси, хонадон чироғи, оила таянчи бўлмиш аёл сиймоси халқимиз тасаввурида азал-азалдан эзгулик тимсоли бўлиб келган.

Тарихдан маълум, Исломдан олдинги жоҳилият даври одатига кўра, қиз фарзанд кўрган кишини таҳқирлашар, ҳақоратга чидай олмаган ота норасидани тириклайин ерга кўмар эди. Ислом дини бундай одатларга барҳам берди. Динимизнинг мўътабар манбаларида аёлларнинг оилада, жамиятда ва умуман ҳаётда муносиб ўринга эга эканликлари баён қилинган.

Аёл киши аввало, она сифатида қадрланади, Қуръони каримнинг бир неча оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳақини адо этишга буюрилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда:  "Жаннат оналар оёғи остида", деб мар­ҳамат қилганлар.

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидирлар", деган ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир.

Шунга биноан бугунги кун аёли ўзига берилган ҳақ-ҳуқуқ­лардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмаслиги шарт. Афсус, айрим аёллар кечириб бўл­майдиган гуноҳга қўл урмоқда. Ўткинчи ҳавасларга берилиб, жигаргўшасидан воз кечмоқда. Ваҳоланки, аёлнинг энг муқаддас бурчи оналикдир.

Одам учун зарур бўлган номус, иффат, ҳаё каби фазилатларни юксалтирувчи муҳим омил илму маърифатдир. Бахтнинг, роҳатнинг, бойликнинг негизи, асоси илм. Юқоридаги каби хунук ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам аёл-қизлар илм ўрганишлари шарт. Аёл ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, жамият соғломдир.

Шу ўринда Юртбошимизнинг "Аёлни улуғлаш оилани, ҳаётни, Ватанни улуғлаш демакдир. Бу ҳақиқат ҳар биримизнинг дилимизга жо бўлиши, барча хайрли ишларимизнинг мезонига айланишини истардим" деган сўзларини эслаш жоиз. Бу сўзлар аёлларнинг ўрни, даражаси нақадар улуғ эканини уқтиради ва бизларни эҳтиромга сазовор аёллар сафида бўлишга ундайди.

 

Марям АБДУҒАНИ қизи