Кетар чоғингда дилингдаги хафаликни, тўғрироғи, мендан гина қилганингни яшир­моқчи бўлдинг. Лекин буни сезмай қолармидим, қизим? Назарингда, ота уйингда ётиб қолишга рухсат бермай, шоша-пиша овқатни пишириб, едириб: “Энди кета қолинглар”, деб кузатишга шайланганимдан кўнглинг ўксиди. “Ойижоним эртага келсаларинг ҳам майли, деганлар...” Бу гапингни эшитмаганга олганимни ҳам сездинг.

Келиним ота-онаси, ука-сингилларини соғи­нгандир, кўриб келсин, қудаларим қизининг, ширинтой набиранинг дийдорига тўйишсин, эркалатиб яйрашсин, деб бугун эрталабдан рухсат берган қайнота-қайнонангга, сизларни иззат-ҳурмат билан уйимизга олиб келиб, биздан ҳол-аҳвол сўраб кетган куёв ўғлимга мингдан-минг раҳмат!

Ўзинг ҳам она бўлдинг, оналар қалбини англаб бор­япсан. Оналар ҳар тонг шук­рона айтишади, фарзандларининг бахту иқболини орзулаб дуо қилишади. Хонадонимиздан кузатганимиздан буён бирор кун йўқ, сени ўйламаган, соғинмаган бўлсам! Ҳали бағримда эканингда поёни йўқ иш-ташвишлардан бир дам узилиб, сен билан тўйиб-тўйиб суҳбатлашмаганимга, фақат танбеҳ беравермай, кўнглингни кўтарадиган гапларни кўп-кўп айтмаганимга неча бор пушаймон бўлдим.

Она қизим, сен энди мисоли бир жойдан кўчириб, ўзининг асл манзил-маконига ўтқазилган ниҳолсан. Ўша жойда муқим ўрнингни топишингни Яратгандан сўрайман. Биламан, янги жойга кўникиб, ўр­ганиб кетиш жуда қийин имтиҳондан ўтишдек гап. Сен ҳам, мен ҳам мушкул, мураккаб, нозик турмуш имтиҳонини топширяпмиз. Соғинганимдан ҳадеб уйга чақираверсам, ёнимда олиб ўтираверсам... Сен ҳам ўз уйинг – ўлан тўшагингни ташлаб келаверсанг... Ҳай-ҳай... бундай калта ўйдан Аллоҳ асрасин!

Бу гапларни мен ўйлаб топганим йўқ, болажоним, боболаримиз-момоларимиздан мерос, онам айтганлар. Оилани покизалик, ҳалоллик, меҳр-муҳаббат, садоқату фидо­йилик қўрғони деб билган аждодларимиздан қолган бу йўриқни сенга етказишда бир кўприкман, холос.

Онамнинг жуда кўп гап­лари шунчаки хотира эмас, “коса тагида нимкоса”, “қизим сенга айтаман, келиним, сен эшит” қабилидаги ибратлар экан.

– Ёш келинлигимда дарвозадан кириб келишим билан дадам кайфиятимни кўзимдан фаҳмлардилар, – дер эди раҳматли бувижонинг. – Агар кайфиятим йўқроқ бўлса, иложи борича гапни қисқа қилиб: “Онаси, тезроқ овқатни пиширинг. Қизингизнинг чойини ичириб, кузатинг. Уйига борсин”, дердилар мулойим, аммо қатъият билан.

“Боламнинг уйи уй бўлсин, тушган жойида тош қотсин”, деган ота-оналар “Чиққан қиз чийдан ташқари” ҳикматига амал қилишган-да. Суйган кўнгиллар, айниқса, она-бола бир-бирининг дийдорига тўярканми? Бугун, беадад шукр, кўришдик. Соғ-омонлигингдан кўнгил хотиржам бўлди. Рангу рўйингда, инжиқликни билмаган набирамнинг ширин кулгуларида қалбинг осойишталигини кўргандек бўлдим, қизим, алҳамдулиллаҳ!

Ҳаёт – энг доно муаллим. Ҳаммамизни ўқитиб, ўргатиб, кўниктириб бораверади. Сен ҳам мени тушунасан, зийрак қизим...

* * *

...Ҳай, телефон қилаётган ким экан? Ҳозир, ҳозир... Лаббай... Ваалайкум ассалом. Ҳа, болажоним, сенмисан, эсон-омон уйларингга етиб олдиларингми? Менинг саломимни, миннатдорлигимни ойижонингга етказдингми? Ҳа... шундайми? Бир пасда соғиниб қолишибди, шу бугуноқ қайтиб келганимизга роса хурсанд бўлишди, дегин... Айланай сендан... ишларинг кўп бўлса, вақтни ўтказма! Кўришгунча, қизим!

Ё Аллоҳ, қизларимиз келин бўлиб тушган хонадонлардан фақат хушхабарлар эшитишни насиб эт, омин!

Муҳтарама УЛУҒОВА