Сабр инсон ҳаётида жуда муҳим ўрин тутадиган фазилатдир. Қўшни онахоннинг қуйидаги ҳикояси бунинг яна бир ифодасидир.

"Овсиним билан бир ҳовлида аҳил яшардик. Бундан йигирма икки йил олдин ўғилларимиз тенгдош бўлгани учун бир кунда тўй қилдик, келин туширдик. Менинг келиним ақлли, чаққон, сабрли, пазанда, овсинимнинг келини эса эркароқ чиқди. Келиним ҳовлидаги барча ишларни малолланмай қилар, икки хонадон аъзоларининг кўнглига йўл топарди. Юзидан табассум аримасди. Шу тарзда орадан уч йил ўтди, икки фарзандли бўлишди. Бир куни жиянимнинг узуги йўқолди, келинимни ўғирликда айблашди. Мен ҳам уларга қўшилдим. Ўғлим сафарда эди. Келин бечора индамади, гап-сўзларни ичига ютди. Яна олдингидек ишларини бажариб, яхши муомала қилиб юраверди. Кейинроқ овсиним тилла занжирини йўқотди, келиним олганига амин эканини айтиб, жанжал кўтарди. Овсинимнинг гапларига ишондим, мен ҳам келинимга қаттиқ тегдим. У ота уйига кетиб қолди. Ўғлимга ҳамма гапни айтиб, ажраштириб юборишга қарор қилдим. Энди келин келмаса керак деган ўйда эдим, лекин эртасига дарвозадан очиқ юз билан кириб келди. Уйидагиларга бўлган гапларни айтмагани маълум эди. Орадан бир оз вақт ўтгач, йўқолган тиллалар ҳам, уларни ўғирлаган ҳам топилди.

Яқинда ўғлим билан гаплашиб ўтириб, ўша машмашаларни айтиб бердим. Ўғлим ҳайрон бўлди. Барака топкур келиним, шу пайтгача эрига айбсиз айбланиб, чеккан жафоларини бирор марта гапирмаган, шикоят ҳам қилмаган экан. Ваҳоланки, ноҳақ айбланиш у ёқда турсин, ҳақ айб­ловларга ҳам чидамай, норозилик билдирадиганлар қанча...

Ўша бўлиб ўтган ишларни эслаганимда, келинимнинг ёруғ юзини кўрганимда Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) "Сабр нурдир" деган ҳадиси шарифлари ёдимга тушади".

 

Машраббону АКМАЛЖОН қизи