Фарзандни гўдаклик вақтидан ахлоқ-одобга ўргатиш ота-онанинг вазифасидир. Қуръони карим оятларида бу борада бундай дейилади: "Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақланг..." (Таҳрим, 6).

Фарзанд Аллоҳнинг омонати, бу ҳақида қиёмат кунида ота-оналар омонат Эгасига жавоб беради. Бу борада қатор шаръий бурчлар борки, уларни адо этиб, болаларини ёшликдан солиҳу қобил қилиб ўстирган ота-онанинг икки дунёда юзи ёруғ бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: "Фарзандингизга илтифот кўрсатинг, ота-она­нгизни сизда ҳақлари бўлгани каби фарзандингизнинг ҳам сизда ҳақлари бор" (Табароний ривояти). Гўдакка исм қўйиш ҳамда илм ва касб-ҳунар ўргатиш боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.

Аллоҳ таоло лутф-марҳамати ила берган фарзандларни мур­ғаклик давридан бошлаб тарбия қилиш, уларни озиқ-ов­қат, кийим-кечак, билан таъминлаш ҳам ота-онанинг вазифаси.

Фарзанд ҳуқуқларидан яна бири ота-онанинг унга ҳаётнинг ҳар соҳасида таълим беришларидир. Ҳар бир болада ўзига хос қобилият ва истеъдод бўлади. Ҳар бирини ўз салоҳиятига кўра илм-ҳунарга йўллаш билан ота-оналар болаларининг тез камолга етишига ёрдам қилган бўладилар. Чунки илм-фан соҳасида орқада қолиш ота-онани, фарзандларни ҳам ҳаётларининг мазмунсиз ўтишига олиб келади. Шу сабабли ҳам ота-онанинг энг олдин ўзлари юксак маърифат эгаси бўлишлари тақозо қилинади.

Ота-онанинг яна бир вазифаси фарзандларга тенг ва баробар назар билан қараш, бирини биридан камситмасликдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мар­ҳамат қиладилар: "Болаларингиз меҳр-мурувват кўрсатишда сизларнинг ўртангизда адолат қилишларини истаганингиз каби сизлар ҳам ҳадя беришда болаларингиз ўртасида адолат қилинглар" (Табароний ривояти).

 

Марям АБДУЛЛАЕВА