Аждодларимиз қиз фарзанд­ларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланишни жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бири деб билишган. Бу масалага, айниқса, маърифатпарвар алломаларимиз алоҳида эътибор қаратишган. Чунки оилада фарзанднинг ҳар жиҳатдан комил бўлиши онанинг уларга қай даражада таълим-тарбия бера олишига боғлиқ.

Абдурауф Фитрат қизларнинг таълим олиши масаласига тўхталар экан, "илм олиш ҳар бир одам учун диний ва дунёвий мажбуриятга кирар экан, аёллар ҳам илм ўрганишлари шартдир", дейди. Олимнинг фикрича, Аллоҳ берган ақл ва тафаккурдан барча аёлу эркак фойдаланиб, уларни ривожлантириши, билимларини ошириши мумкин. Зеро, одамзод илм олиш билан Аллоҳни танийди, савоб-гуноҳни ажратади, шунингдек, дунёвий муаммоларини ҳам ҳал эта олади.

Ҳожи Муин "бизнинг Ислом дини хотунларга ҳуқуқ берган ва ҳурмат кўрсатган, илм ўрганишнинг қарзлигини эркаклар билан баробар хотунларга фарз этган", деб ёзади. Ислом дунёсида ўғил ва қизларнинг таълимига алоҳида эътибор қаратилгани боис, аёллардан "олима ва шоира, адиба ва фақиҳалар етишган эди", дейди. Аёл-қизларга ҳам худди эркаклар каби таълим-тарбия ташкил этилмас экан, "бизлардан келажакда масъуд оилалар етишмас"лигидан қайғуради.

Фитрат "Покиза ердан тоза ва фойдали ўсимлик осон ўсади ва покиза бўлмаган ердан хор-хасдан бошқа нарса чиқмайди" дея аёл-қизларнинг диний, дунёвий илмларга эга бўлиши фарзандларнинг баркамол вояга етишига сабаб эканига тўхталади. Дарҳақиқат, таълим-тарбияни бола дастлаб онадан олади. Боланинг тасаввурлари онанинг дунёқараши билан шакл­ланиб боради. Фитрат "бизнинг тарбиячиларимиз, табибларимиз, муаллимларимиз шу аёлларимиздир" деганида мутлақо ҳақ эди.

Бугун фидойи аждодларимизнинг мақсадлари ушалиб, истиқлол йилларида ёшлар тарбияси, хусусан, қизларнинг таълим-тарбия олишлари учун қатор ўзгаришлар ва янгиланишлар амалга оширилди. Уларга яратилган шароитлар ва кенг имкониятлар туфайли қизларимиз орасидаги иқтидорли, билимдон ёшлар жамият, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.

 

Обиджон ТАНГИРОВ,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси