Мумтоз шоираларимиздан бири Зебуннисо бегим 1639 йили Деҳлида туғилган. У Бобурий шаҳзода Шоҳжаҳоннинг ўғли Аврангзебнинг қизидир. Онаси Дилрасобону Гулбадан бегимнинг авлодларидан. 

Аврангзеб Қуръони каримни ёд билар, назмни яхши кўрар, ўзи ҳам шеър ёзарди. Зебуннисо  бегимни  фозила  аёл Ҳафиза  Марям  Бону тарбиясига беради.

Шоиранинг камолга етишида адабий муҳит таъсири кучли бўлган. Акаси Аъзамшоҳнинг адабиётга қизиқиши, саройда бўладиган мушоиралар унда шеъриятга ҳавас уйғотади.  Шу боис отаси машҳур олим Мулло Муҳаммад Саид Ашраф Исфахонийни қизига муаллим қилиб тайинлади. Зебуннисо бу олимнинг тарбиясида забардаст шоира, олима, созанда ва хаттот бўлиб вояга етишади. У настаълиқ, насҳ ва шикаста хат усулларида маҳорат билан матн кўчирган. У форс, араб тилларининг сарфу наҳви, фиқҳ, тарих фанларини пухта ўзлаштирган. Хусрав Деҳлавий, Навоий, Бобур асарларини синчиклаб ўрганган, араб ва форс  тилларида ижод қилган.

«Кобул» журналининг 10-сонида (1922 йили)  Зебуннисо  бегим  ҳақида бундай маълумотлар бор: «Зебуннисо  бегимнинг  чиройли  бир  девони  бўлган. Яна тасаввуфга  оид «Мунисул арвоҳ»  асари  ҳам  бор.  769  варақли «Зебут тафосир» (Тафсирларнинг гўзали)ни ёзди. Илоҳиётга доир “Зебан нашаот” асарини устозига бағишлади. Ҳиндистон мусулмонлари орасида дастуриламал бўлган «Фатавойи  Оламгирия» («Шариат  қонунлари  мажмуаси»)  асарини  форс  тилига таржима ҳам қилдирди».

Зебуннисо бегим замонасининг оқила ва зукко қизи, ўша муҳитнинг баркамол зиёлиси,  отаси  шоҳ  Аврангзеб  Оламгирнинг  яқин  маслаҳатчиси эди.

Зукко  олима,  ҳассос  шоира Ҳиндистон олимлари, адабиёт ва санъат аҳлларига кўп ғамхўрликлар қилиб, илм ва санъатнинг ривожланишига катта ҳисса қўшди.  Шунинг учун ҳам тарихчилар унга юксак баҳо бериб, отаси ҳукмдорлик билан қозона олмаган шуҳратни у илм ва одоб билан қозонди, деб таъкидлашган.

Мураккаб, зиддиятли даврда яшаб, ижод этган шоира 19 ёшидаёқ кўп аянчли воқеаларнинг шоҳиди бўлди. Мамлакатдаги нотинч ҳаёт, салтанат учун курашнинг авж олиши шоира дунёқарашини тубдан ўзгартирди, ижодида ижтимоий фикрлар чуқурроқ илдиз ота бошлади.

Зебуннисонинг асосий машғулоти  – шеър ўқиш ва ёзиш, мусиқа тинглаш, илм олиш эди. Шеърлар билан бирга одоб ва ахлоққа доир рисолалар ҳам ёзди. Шеърлари Марказий Осиё, Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон, Покистон ва бошқа Шарқ мамлакатларида машҳур бўлди. Ғазаллари ўзбек халқининг севимли қўшиқларига айланган. Ҳозиқ, Хиромий, Нодир, Собир Абдулла ва бошқалар Зебуннисо ғазалларига мухаммаслар боғлашган.

Шоиранинг 8000 мисрали девони (ғазаллари), 7 қасидаси, 5 таржеъбанд ва бир мухаммасигина сақланиб қолган. Баъзи манбаларда шоиранинг «Махфий» тахаллуси билан ҳам ижод қилгани айтилади. XIX аср  иккинчи ярми — XX аср бошларида кўчирилган «Девони Махфий» Зебуннисога нисбат берилади. Зебуннисо асарлари қўлёзмаси дунёдаги кўпгина кутубхоналарда, шу жумладан, Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти жамғармасида ҳам сақланади.

Зебуннисо бегим ҳижрий 1113 йили (милодий 1702) 63 ёшида вафот этади. У Деҳлидаги «Зарзарий» қабристонига, Низомиддин Авлиё, Амир Хусрав Деҳлавий қабри ёнига дафн этилган.

 

РАЙҲОНА тайёрлади.

 

ЗЕБУННИСО

* * *
Зулфи ҳалқа-ҳалқаю кўзи қаро бу ердадур, 
Боқиши шафқатли ю нозик адо бу ердадур. 

Киприги ханжар, карашма тиғу кўз ташлаш яшин, 
Гар шаҳид бўлмоқчи эрсанг, Карбало бу ердадур. 

Каъбага бормоқ на ҳожатдур, агар дил овласанг, 
Беҳуда йўллар кезар бу халқ, ризо бу ердадур. 

Изладим бир-бир жаҳонда бўлса ҳар неча китоб, 
Кўрдиму Хаттингни дедим: муддао бу ердадур. 

Истасанг ҳуснинг закотини берарга мустаҳиқ, 
Келки, бу Зебуннисо янглиғ гадо бу ердадур.

* * *
Лайли зотидан эсам-да, дилда Мажнунча ҳаво, 
Тоғу тош кезгим келур, лекин йўлим тўсгай ҳаё. 

Мендан ўргандию бўлди гулга булбул ҳамнишин, 
Менгадур парвона ҳам шогирду ишқимдур расо. 

Зоҳиримдур ғозаранг, аммо ниҳоним қон эрур, 
Ўз ичида сақлагандек қип-қизил рангни хино. 

Баски, қўйдим мен фалакнинг елкасига ғам юкин, 
Кийди мотам тўнинию бўлди қадди ҳам дуто. 

Шоҳ қизи бўлсам-да, қилдим фақр йўлин ихтиёр, 
Бас, менга бу зебу зийнатким, отим Зебуннисо.

Мунирхон МУИНЗОДА таржимаси