Кузнинг илк кунлари эди. Автобусда ёнимда ўтириб келаётган ҳамроҳим рўпарамиздаги ёш қизларга қараганча, ўз-ўзига сўзлагандай гап бошлади:

– Биз ёшлик пайтимизда ўзимизга мос, ранглари очиқ, тиниқ матолардан кийим тиктириб киярдик. Кейин, ёшимиз каттариб, секин-аста одми, сипо киядиган бўлдик. Ҳозир ёш қизу жувонларнинг кўпчилиги қоп-қора либосда юради. Тўйгаям, байрамгаям худди азадаги каби тўқ, бўғиқ рангли кийимда боришади, фақат у ер-бу ерига ялтир-юлтир қадаб қўйилган.

Аёлнинг гап оҳангида енгил киноя бўлгани боис, ҳазилнамо савол бердим:

– Ўзингизниям қизу келинларингиз бордир, улар қанақа кийинишади?

– Ўрик ўрикни кўриб ранг олади-да. Менинг гапим билан очиқ рангли, кўзни яшнатадиган, ярашиб турадиган кийимлар ҳам олишган-у... аммо ўзлари ҳеч қатордан қолишни исташмайди. Олдин билинмас эди, лекин ёши ўтган сари одамнинг кўнгли қорани кўтармай қоларкан...

Охирги фикр раҳматли онамнинг гапларини ёдимга солди. Эсимда, онам элликка кирар-кирмас умуман ёруғ ранг аралашмаган тўқ кўк, зангори, қорамтир матолардан кўйлак кия бошлаган эдилар. “Қариликни мунча эрта бўйинга олдингиз. Кийимларингиз худди кампирларникига ўхшайди”, деганларга “Менга шу ўнғай”, деб жавоб берардилар.

Аллоҳга шукр, онажоним тўқсон йил умр кўрди. Ихчам, соғлом, табиатан кенгфеълликлари сабабли, ҳаётларининг охиригача тоат-ибодатда бўлди, ҳеч кимга оғирлиги тушмади. Фақат, етмиш ёшлардан ўтгач:

– Ҳамма нарсанинг ўз вақт-соати бўларкан-да. Ҳадеб кияверганимданми, нимагадир қора, бўғиқ рангли кийимларни энди кўнглим кўтармай қолди, деб ҳаворанг, оқ, яшил рангли кийимларга ўтувди.

Миллатимизнинг кийиниш маданияти ҳам асрлар давомида юртимизнинг иқлими, табиати, динимиз, халқимизнинг урф-одатлари, шунингдек, одамларнинг ёши билан боғлиқ ўзига хосликлар асосида шаклланган, ривожланган. Кимларгадир тақлид қилиб минг йиллик қадриятларни йигирма-ўттиз йил ичида янгилаш ёки қайта қуришга уриниш ўзингга ҳар томонлама қулай қурилган иморатни бузиб, йўл-йўлакай тикланган капага кириб олишга ўхшамайдими? Кексалар айтганидек, бузиш осон, қуриш жуда қийин.

Бизнинг иқлимимизда, айниқса, ёз кунларида қора ёки қуюқ тўқ рангли кийимларда юриш саломатликка зарар эканини шифокорлар кўп гапиришган. Ҳамма нарсада, жумладан, рангларда ҳам мутаносибликни сақлаш – маданиятлилик белгиси, кишининг дидини кўрсатади. Ёрқин, тиниқ, дилларга илиқлик ва ҳарорат бахш этадиган рангларга бой табиат қучоғида қоп-қора либосларда юриш чиройли эмас. Мутахассислар ёруғ ранглар инсон руҳиятига ором, сокинлик, қувват, кўтаринкилик бағишлашини айтади.

Шу ҳақда сўз кетганида, бир ёш қиз: “Э-э, бувимларнинг замонлари ўтиб кетди. Улар модани тушунармиди?” деган эди. Ҳа, инсон ҳаётида нисбатан тез ўзгарувчи нарсалардан бири – кийим. Мустақиллигимиз туфайли Ватанимиз дарвозалари дунёга кенг очилди. Ундан умумбашарий маданият, маънавият дурдоналари билан аралашиб ўткинчи “нималардир” ҳам кириб келиши табиий. “Ўсма кетар, қош қолар”, вақт саракни саракка, пучакни пучакка ажратади. Лекин ана шу муддат ичида ҳам ёшу кексаларни “пучак”нинг зарарли таъсирларидан асрашнинг ишончли йўли янгиликларга кўр-кўрона эргашиш эмас, балки уларнинг моҳияти, мақсади, бугунимиз ва келажагимиз учун қанчалик керак ёки кераксиз, фойда ёки зарар эканлигини яхшилаб ўйлаб, ақл тарозусида ўлчаб, кейин бир тўхтамга келиш. Чет эллардан бозорларимизга кириб келаётган моллару маҳсулотларнинг жуда катта қисми кийим-кечаклар, уларнинг ичида “энг замонавий”лари кўп. Лекин бу “антиқа”лардан аксарияти бир марта кийишга ярайди, холос. Қадимий атлас, адрас, беқасам, шойиларимиз ҳамма замонларда харидоргир, улардан тикилган кийимларга ўзимиз ҳам, чет элликлар ҳам ҳали-ҳануз маҳлиё... бу матоларнинг нафақат ранглари ва жилоси гўзал, улар саломатликка фойдали табиий ип-ипаклардан тўқилган.

“Ёши бир жойга бориб қолган кексаларга қизлар қандай кийинишининг нима аҳамияти бор?” дейди яна кимдир. Тасаввур қилинг: куч-қувватдан қолиб, бошқаларнинг ёрдамисиз ташқарига чиқолмайдиган, кунлари асосан тўрт девор ичида ўтадиган қарияларнинг олдига кириб келган фарзандлари, келину набиралари қоп-қора кийимда бўлса... уларнинг нурга ташна кўзларига, қалбига ёруғлик олиб кириш қандай яхши!

Инсон ҳамиша Ватани, халқи, фарзанди, маданияти, адабиёти, қадриятлари каби бебаҳо неъматлар насиб этганидан фахрланиб юради. Кийим-кечаклар ҳам худди шундай: ота-боболардан мерос, ҳаётий талабларга кўра илму маданиятнинг уйғунлашуви асосида шаклланган миллий либосларимиз – маънавиятимиз кўзгуси, улар янги-янги авлодлар диди ва талабига қараб мукаммаллашиб боради. Лекин моҳият ўзгармайди. Фарзандларни миллий кийим-кечакларимизни фахрланиб кийиб юришга ўргатиш ҳамма замонларда долзарб вазифалардандир.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА