Ислом дини аёл қадрини улуғлади, шаънини юксакка кўтарди. Жаннат оналар оёғи остида, дея башорат қилди. Аёлни авайлаш, ҳурматини жойи­га қўйиш савобли амал экани таълимотини берди. Зеро, аёл Аллоҳнинг изни ила башарият давомийлигини таъминловчи, бу қутлуғ бурчни бажариш йўлида барча фидо­йиликларга тайёр хилқатдир.

Аёл, қанчалик оғир бўлмасин, мўъжаз елкасидаги масъулиятли вазифалардан сира малолланмайди. Ҳатто ўз ғамларини бир четга суриб, бош­қалар ташвишини ҳам кўтаришга интилади, тасалли қидирган дилга меҳр ила таскин бера олади. Шундай пайт­лар бўладики, ҳар ишда суянчим деб билган эрига тоғдек суянч бўлишни уддалайди. Бунда бизга биргина Хадича онамизнинг (розияллоҳу анҳо) ўрнаклари кифоя.

Илк ваҳий тушганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак қалблари титраб уйга келдилар. Чунки у зот Жаброилни (алай­ҳиссалом) ўз суратида кўрдилар, қалбларида қаттиқ қўрқув пайдо бўлди. "Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинг­лар", дедилар. Қўрқувлари кўтарилганидан кейин Хадича онамизга (розияллоҳу анҳо) бўлиб ўтган воқеани гапириб, ўзларига бирор зиён етишидан қўрқаётганларини айтдилар. Шунда Хадича онамиз (розияллоҳу анҳо): "Ҳаргиз қўрқманг. Аллоҳ таоло сизни асло хор ва маҳзун қилмайди. Чунки сиз ҳамиша силаи раҳмни боғлайсиз, ночорлар ҳолидан хабар оласиз, меҳмонларга икром кўрсатасиз, ҳақдорларга ёрдам берасиз", дея Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тасалли бера олдилар...

Аёл борки, оналикни шараф ва бахт деб билади. Бу қутлуғ вазифани муносиб уддалаш учун ҳар қандай қи­йинчиликларни зиммасига олади. Фарзанд тарбиялаб, кундузлари ҳаловатсиз, тунлари бедор кечганида ҳам заррача оғринмайди. Бу оламда энг беғараз, таъмасиз севги ҳам онанинг фарзандига бўлган муҳаббатидир.

Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Олдимга бир аёл иккита қизини олиб келиб, бирор нарса беришимни сўради. Уйда бир дона хурмодан бош­қа нарса ­тополмай, ўша хурмони аёл­га бердим. Аёл ўзи емасдан хурмони иккига бўлиб, қизларига узатди..." (Муттафақун алайҳ).

Ривоятларга кўра, Сулаймон (алайҳиссалом) замонларида икки аёл бир болани талашишди. У зот гўдакни иккига бўлишни буюрдилар. Аёллардан бири дод солди: "Майли, болани унга беринг, фақат ўлдирманг..." Боланинг ҳақиқий онаси эди у...

Отадан етим қолган Имом Шофиъийнинг олим бўлиб етишишида онаси имконидаги барча ишни қилди.

Шом аҳлининг имоми ва фиқҳ илмининг пешвоси бўлган Авзоий ҳам отадан эрта айрилди. Унинг улуғ даражаларга эришиши, илм олиши учун онаси шаҳарма-шаҳар кўчиб юрди.

Тобеинлар улуғи, Ироқ аҳлининг фақиҳи Суфён Саврий боласининг ўқиб-ўрганиши учун чархда ип йигиришдан қўли толмаган онанинг фарзанди эди.

Аёлни ардоқланг, оналарни эҳтиром қилинг.

Зеро, аёл – дуогўй момо, меҳрибон она, шаънимизни сақлаган ёр, гулу райҳон янг­лиғ қизларимиздир.

 

Раҳимберди РАҲМОНОВ,

Тошкент шаҳридаги "Мирза Юсуф" жоме масжиди имом-хатиби