Ислом дини жоҳилият даври кишилари аёлларни ёмон кўрадиган ва улардан нафратланадиган замонда келди. Аёлларни паст санашар, қизларини тириклай кўмишарди. Ислом бу каби одатлардан қайтарди ва аёл шаънини кўтаришга чақирди. «Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг “ёмон”лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлинг, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир» (Наҳл, 58–59).

Пайғамбар : “Ик­ки­ қизни тарбиялаб воя­­га етказган киши мен би­лан қиёматда шундай бўла­ди”, дедилар ва икки бармоқ­ларини бирлаштир­ди­лар (Муслим ривояти). Яна бундай марҳамат қил­ди­лар: “Ким қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса (синалса), қиз­ларини чиройли парвариш этса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади” (Муттафақун алайҳ).

Ислом дини жоҳилият аҳли аёлларга мерос бермайдиган вақтда келди ва уларнинг меросдан улушини олиб берди. “Эркаклар учун ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Аёллар учун (ҳам) ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Бу озми-кўпми, фарз қилинган улушдир” (Нисо, 7).

Ислом дини жоҳилият ­одамлари аёлларни зулм ила мерос қилиб оладиган даврда келди. Вафот этган кишининг меросхўрларидан бири келиб, аёллардан бирининг бошига рўмол ташлар ва “буни меросга олдим”, дер эди. Бу иш ҳалол эмаслиги ҳақида Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Эй имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир...” (Нисо, 19).

Ислом дини жоҳилият кишилари аёлларни зўрлик билан ушлаб, улар ҳақини адо қилмаётган замонда келди. Берган нафақаларининг ҳам­масини қайтармагунича эр хотинни талоқ қилмас эди. Ота қизининг, ака синглисининг ўз хоҳиши билан оила қуришига тўсқинлик қиларди. Бир неча  хотини бўлишига қарамай, эрлар хотинига “товон” тўлатиб, сўнг жавобини берарди. Аллоҳ таоло бундай буюради: “...Яна уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилманг! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир)...” (Нисо, 19)“Хотинларни талоқ қилганингизда (идда) муддатига етган бўлсалар, (эй ота-она ва қариндошлари,) улар ўзаро яхшиликча келишиб олган бўлсалар, эрларига (қайтадан) никоҳ­ланишларида уларга тазйиқ ўтказманг!” (Бақара, 232).

Маъқал ибн Ясор  Расу­луллоҳнинг  даврларида синглисини мусулмонлардан бир кишига эрга берди. Аёл унинг ҳузурида бир муддат турди. Сўнг эр уни бир талоқ қўйиб, иддаси тугагунча унга қайтмади. Кейин улар бир-бирларига қайтишни хоҳлашди. Шунда Маъқал ибн Ясор куёвига: “Сени ҳурмат қилиб синг­лимни берган эдим, сен бўлса уни талоқ қилдинг. Аллоҳга қасам, у сенга абадий қайтмайди”, деди. Сўнгра Аллоҳ таоло: “...улар ўзаро яхшиликча келишиб олган бўлсалар...” оятини туширди.

Маъқал ибн Ясор  ояти каримани эшитиши билан: “Аллоҳга қулоқ тутамиз ва итоат қиламиз”, деди. Кейин куёвини ча­қириб: “Синглимни сенга никоҳлаб бераман ва сени ҳурмат қиламан”, деб айтди (Термизий ривояти).

Ислом дини аёлларга зулм ҳаддан ошган, улар ахлоқсизлик ва муомалани билмасликда айбланаётган даврда келди. Динимиз бу ишларни қоралади. Эр­как­лар ўзларига қандай муомала қилишларини хоҳ­ласалар, аёлларга ҳам шундай муомала қилишни буюрди. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Улар билан тотув турмуш кечиринг” (Нисо, 19)“...Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир...” (Бақара, 228).

Ислом дини бир одам ўлса, унинг хотини тўлиқ бир йил идда ўтиришга мажбур бўлган замонда келди. Муборак динимиз бу қоидага енгиллик киритди: “Сизлардан вафот этиб, хотинларини  қолдирган бўлсалар, (бева хотинлари) тўрт ою ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар” (Бақара, 234).

Ислом дини аёллар­га яхшилик қилишга ча­қиради. Пайғамбаримиз  бундай марҳамат қиладилар: “Ҳеч бир мўмин эркак бирор мўмина аёлни ёмон кўрмасин. Агар у аёлнинг бирор хулқини ёқтирмаса, бошқа сифатини ёқтиради” (Муслим ривояти);

“Сизлaрнинг яxши­лaри­нгиз aҳли аёли­гa яxши му­нoсaбaтдa бўлувчи­лари­нгиздир” (Термизий ривояти);

“Дунё ўзи бир матодир. Дунё матоларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир” (Муслим ривояти);

“Кимга Аллоҳ таоло солиҳа аёл насиб этган бўл­са, Аллоҳ унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Қолган ярмида Аллоҳга тақво қилсин” (Ҳоким ривояти).

Бошқа бир ҳадисда солиҳа аёл қандай бўлиши­ни бундай баён қилиб берадилар: “Агар эри унга қараса, хурсанд бўлади, буюрса, итоат этади ва бирор жойга чиқса, унинг мол-мулкини муҳофаза қилади” (Абу Довуд ривояти).

 

Муҳаммадий АБДУРАҲИМОВ,

Наманган шаҳри