Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Олам аёлларининг энг яхшиси Марям бинти Имрон, Осиё бинти Мазоҳим, Ҳадича бинти Ҳувайлид ва Фотима бинти Муҳаммад", деб марҳамат қилдилар (Муттафақун алайҳ). Матонат, сабр-қаноат, гўзал аҳлоқ, эрга итоаткорлик, фарзандларга чиройли тарбия бериш ҳақида сўз кетганда, аввало ўз вазифаларини сидқидилдан бажарган, шунингдек, олам аёлларига Қиёматга қадар ибрат бўлган мана шу оналаримизни эслаймиз.

Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) суюкли қизлари ҳазрат Фотима (розияллоҳу анҳо) мустаҳ­кам оила қуриш йўлида барча қийинчиликларни енгиб ўтган уй бекаси бўлди. Расулуллоҳнинг (алайҳисаллом) қизи бўла туриб, дабдабали ҳаётдан юз ўгирди, рўзғорнинг кам-кўстига рози бўлди. Эрини тоқатидан таш­қари харажатга солмай, сабр қилди. Отасига шикоят қилувчи бўлмади. Бир неча кунгача Расулнинг (алайҳиссалом) ҳам, қизларининг ҳам уйида егулик бўлмаганди. Ривоятларда келишича, ҳазрат Фотиманинг (розияллоҳу анҳо) уй юмушларидан қўли қавариб, очликдан силласи қуриб, рўзғор етишмовчилигидан қийналган. Шундай бўлса-да, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) билан саодатманд ҳаётга эриша олди. Ана шундай шароитда ҳам ўз нафсини енгиб, ҳотамтой бўлди. Аллоҳ таоло унинг бу фазилатини мақтаб: "Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам уни мискин, етим ва асирга берарлар" (Инсон, 8), оятини нозил қилди.

Исонинг (алайҳиссалом) онаси Марям бинти Имрон (розияллоҳу анҳо) ҳақида Қуръони каримда бундай келади: "Яна ўз номусини сақлаган аёл – Марям бинти Имронни (мисол келтирди)" (Таҳрим, 12). Аллоҳ таолога ибодат қилиш, амрига бўйсуниш, қайтарганларидан узоқ бўлишда дунё аёлларига ўрнакдир. Ёш бошига тушган синовларга сабр қилди. Ёлғизликда фарзанд ўстирди. Ҳалол ризқ, гўзал одоб берди. Туҳматчиларнинг гапи жуссасини эгиб қўйишига йўл қўймади: "У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Унинг амрига) итоат этувчилардан бўлди" (Таҳрим, 12).

Осиё бинти Мазоҳим (розияллоҳу анҳо) энг ёмон  киши Фиръавн билан бирга умр кечирди. Оиланинг муқаддас эканини англаб, эри гарчи мушрик бўлса-да, дунё ишларида унга бўйсунди. Имонини яширди, динини сабр билан маҳкам тутди. Ҳақиқий мўминларнинг яқин кишилари кофир бўлиши уларнинг ўзига зиён қилмаслиги ҳақида Аллоҳ тао­ло оят нозил қилди: "Аллоҳ имон келтирган зотлар ҳақида Фиръавннинг хотинини мисол келтирди" (Таҳрим, 11). Осиё бинти Мазоҳим (розияллоҳу анҳо) ҳаётининг охирига қадар эрининг хизматида бўлди. Инсофга келишини сабр билан кутди, аммо эрига тавба насиб бўлмади. Фиръавн туғёнга кетиб, ўзини "Аллоҳ" деб эълон қилди. Хотинининг Мусо (алайҳиссалом) Раббисига имон келтирганидан хабар топиб, азоблаб ўлдирди. "Ўшанда у: "Эй Раббим! Ўзинг мен учун ҳузурингда (жаннатда) бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин. Мени золимлар қавмидан халос этгин!" деди (Таҳрим, 11). Ҳазрат Осиё бинти Мазоҳим (розияллоҳу анҳо) турмушнинг ҳалокатли зарбасида ҳам ҳеч кимга нолимади. Умрининг сўнгги лаҳзасида ҳам Парвардигорига дуода бўлди, фазлидан умид қилди.

Ана шундай матонатли аёллардан ўрнак олиб яшаётган  аёлларнинг  гўзал сабри, фойдали илми, мустаҳкам оила йўлида қилаётган хайрли тадбирлари ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам бахт келтирмоқда.

 

ТИИ талабаси Азиза РАҲИМОВА тайёрлади.