Ҳар бир ота-она боласи ақлли, интилувчан, зукко бўлишини истайди ва бунинг учун ҳеч нарсани аямайди. Аммо бола суст, одамови бўлиб қолса-чи?

Беҳзод соппа-соғ, оқ ювиб оқ таралган бола. Аммо нимагадир тенгдошлари ичида ўзини ғалати тутади: гаплашмайди, ўртоқ тутинмайди. "Болага ўхшасанг-чи" деявериб онаси хуноб бўлади...

– Ичимдагини топ хилидаги индамас, оддий саволларга ҳам жавоб қайтармайдиган ва тили секин чиқадиган болаларни қабулимизга тез-тез олиб келишади, – дейди руҳиятшунос Малика Маҳмудова. – Катталар ҳайрон бўлишади, аслида, бунга уларнинг ўзи сабабчи – фарзанди билан етарли ва тўғри мулоқотда бўлишмаган. Бола доим ўзига устоз, намуна одамга муҳтож. Бундай одам топилмаса, писмиқлашиб қолади ёки ўзини ҳимоя қилиш учун зўравонлик йўлини тутади.

Бола ўсимлик эмаски, уни суғориб, озиқлантириб тескари қараб кетаверсанг (холбуки, ўсимликлар ҳам яхши муомала, меҳрли эътибор шароитида бошқача ўсишини олимлар тажрибада синашган). Гўдак ҳаётининг илк давридан бошлаб жуда катта ахборотни руҳиятига сингдириб боради. Шу сабабдан кичкинтойга фақат тўйдиришу ювинтириб тоза кийинтириш ҳақида ғамхўрлик қилиб, унинг йиғи, қайсарликларини ортиқча инжиқлик демаслик керак. Унутманг, бола ҳадеб танқид эшитаверса, бошқаларни айблашни; атрофидагилар масхаралашса, ишонмасликни; совуқ муносабат кўрса, одамовиликни; қаҳр-ғазабга гувоҳ бўлаверса, қўполликни; катталар уни тушунишмаса ва буни исташмаса, бепарволикни; алдовни кўрса, алдашни ўрганади. Болангизни уялтираверсангиз, ўзини доим айбдор ҳис қилиб, тушкунликка тушади.

Шунинг учун ҳам фарзандингизга меҳр-мурувват кўрсатсангиз, ўзини ҳимоя ва ҳурмат қилишни; сабрли бўлсангиз, сабрлиликни; ўрни келганда мақтасангиз, ўзига ишонишни; адолатли бўлса­нгиз, ҳаққонийликни; севиб ардоқласангиз, меҳр кўрсатишни; мулоҳаза билан танлов ҳуқуқини берсангиз, ўз хатти-ҳаракатига жавобгар бўлишни одат қилади.

Тинч-тотув оилада ўсган болада одамларга ишонч кучли бўлади. Ота-боболаримиз бола ота-она ўртасидаги низо-жанжалнинг гувоҳи бўлмасин, деб таъкидлаб, бу ўгитларига ўзлари амал қилишган. Чунки кичкинтой учун ота-она энг севимли, яқин, чиройли ва ишонч­ли инсонлардир. Бир умр су­йиб, қадрлаб, авайланган нарса бир зумда бой берилса, қандай аҳволга тушасиз? Катталар уришганда, бола шундай ҳолатга тушади, қаттиқ бақириб йиғлаши унинг руҳий изтиробидан дарак. Дилбан­­­­­­­­­ди­­­н­гиз қал­­би дарз кетмасин, оғир руҳий зарбага дучор бўлмасин десангиз, норозилик ва ғазабингизни ақл, мулоҳаза, сабр билан енгинг. Доим ёдда тутинг: ёш бола ота-онаси ўрнатган ҳар қандай тартиб-қоидани, уларнинг одатларини ҳеч иккиланмай тўғри деб қабул қилади. Шунинг учун ҳам катталар айтганидан тонганда, унинг ички дунёси остин-устун бўлиб кетади. Агар бундай вазият такрорланаверса, у ҳам муаммоларни ёлғон, қайсарлик, ўзбошимчалик билан ҳал қилмоқчи бўлади. Иккинчи томондан, бола шу тариқа исён кўтариб, унга эътибор беришларини истайди.

Лекин болани папалаб ўстириш керак, деган фикрдан узоқмиз. Зеро, у мураккаб инсоний муносабатларга аста-секин кўникиб бориши, воқеаларни таҳлил қилиб, хулоса чиқариши даркор. Мутахассисларнинг фикрича, бу жараён фарзанднинг 5–6 ёшидан кейин бошланса, маъқул бўлади.

 

Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.