Эр-хотин меҳмондорчиликдан қайтишяпти. Аёл борган жойларидаги солинган дастурхондан бошлаб, уй жиҳозлари, мезбонларнинг кийимигача батафсил гапиради. Масалан, уйларига гилам олишмоқчи эди, борган жойларида худди ўшандан солинган экан. Аёл мавзуга кенг “тўхталади”:

– Катта хонадаги, парда рангига мосланган лола гулли, тўқ қизил, қалин гилам-чи...

Эркак парвосиз тарзда тасдиқлайди:

– Ҳа-ҳа...

Чунки у на гиламнинг рангини кўрган ва на гули қандайлигига эътибор қилган. Зеро, фақат аёлларгина бир қарашда ҳамма нарсани ҳартомонлама “кўра олади”. Аслида, бу ҳам маҳорат. Ва аксарият, эркаклар ана шу “маҳорат”га ишониб, кўп ишларни аёлига топширишади. Бир қараганда, бу хато эмас. Ўзгачаликларни кўра олиб, ишни шунга яраша тақсимлаш учун қилинган ҳаракат деса ҳам бўлади. Аммо эътибор берилиши керак бўлган жиҳат, тақсимотнинг тўғри бўлишидир. Чунки ҳамма ишнинг ўзига юкланиши эр учун, хотин учун ҳам оғир, чарчатадиган, бездирадиган ҳол.

Аллоҳ таоло эркак ва аёлни нафақат жисмонан, балки фитратан ҳам фарқли яратган. Ҳамма салоҳиятига кўра оила майдонида ўрнини билиши мақсадга мувофиқ. Бу фарқлардан келиб чиқиб айтиш мумкин, эр-хотин мусобақа қилаётган икки рақиб эмас. Балки бир-бирини тўлдирувчи икки парча, икки ранг. Турмуш давомида эр-хотин ҳамкорлиги шу асосга кўра олиб борилганида, ҳаёт осон кечиши ҳақиқатдир.

Айтганимиздек, эркак ва аёл жисмонан фарқли яратилган. Бу фарқ мияда ҳам кўринади. Масалан, мияни суратга олиш жиҳозларидан бири аниқлашича, эркак киши фикр юритганида миясининг муайян қисмигина ишлар экан. Бу жараён ўша қисмда магнит нурлари бўлиб кўринади. Аёл мияси суратга олинганида эса, магнит нурлари миянинг ҳаммасида кўринаркан. Бу фикрини жамлашда эркакнинг аёлга нисбатан илғор экани ифодасидир. Шу билан бирга, аёл бир пайтнинг ўзида мутлақо бошқа-бошқа ишларни ўйлай олишини ҳам кўрсатади. Яъни, боласини овқатлантираётиб, тайёрлаётган таомининг тузини тотиб келишга, эшик тақиллатиб чиққан қўшнига жавоб беришга, бу орада телефонда гаплашишга ҳам улгуради (бирор жойга меҳмонга бориладиган бўлса, нима ёки кимлар олиб борилиши каби ишларни аёлига топшириб, эркакнинг кўча-кўйдаги ишларни хотиржам битириб юриши шундан).

Умумий маънода, эркак тажовузкор ва жанжалкаш бўлгани ҳолда, аёл хотиржам ва сокин.

Эркак ҳис-туйғуларга берилавермайди, аёл эса, аксинча, туйғулар борасида жуда тез ўзгарувчан.

Эркак воқеаларга совуққонлик, қатъият, таваккалчилик, аёл эса шошқалоқлик, таъсирчанлик, бироқ эҳтиёткорлик билан ёндашади.

Эркак аёлдан кўра яхшироқ сир сақлай олади.

Эркак паноҳ бўлиш, ҳимоя қилишни истайди, аёл эса ҳимояда бўлишни.

Эркак аёлда нозиклик, латофатни, аёл эркакда жасоратни кўришни хоҳлайди (аёл айнан ана шу хислатлари билан, вақти келса, эри учун тиргак бўла олади).

Эркаклар дунёси ўзига хос. Ўзларини бошқалардан кучли ҳис этиш уларга қувонч бахш этади. Улар учун жисмоний куч билан муваффақиятга эришиш аҳамиятли. Аёллар эса ҳиссий муносабатларда ғалаба қозонишга диққат қаратишади. Чунки шундай муносабатлардагина аёл ички дунёсини намоён эта билади ва бу унга завқу шавқ беради.

Эркак мустақил бўлишни, ҳаётини ўзи белгилашни истайди, биров билан дардини, режаларини ўртоқлашишни кўпам ёқтирмайди. Аёлда эса, аксинча, туйғуларини бўлишиш билан ўзига ишончи ортади.

Эркак ва аёл ўртасидаги муаммолар бошқа жинсдан ўзи сингари тушуниш, ҳис қилиш ва шунга кўра муносабат кўрсатишни кутиш, талаб қилишдан келиб чиқади. Бу талаб – тўғри эмас. Эр-хотин бир-биридаги фарқли ва ўхшаш томонларни борича қабул қилиши, бир-биридаги фитратга хос хусусиятларни ўзгартиришга уриниш ўрнига, бир-бирини тушуниб яшаши керак. Зеро, соғлом фикрли инсон учун аёл ва эркак орасидаги ўзгачаликлар жанжалнинг эмас, ҳаёт қизиқарли ўтишини таъминлайдиган омилдир.

Бу фарқлилик бир-бирини тўлдиргандагина қиймат топишини англаб етган, жуфтидаги ўзига ўхшаган ва ўхшамаган жиҳатлар ҳам неъмат эканини тушунган, шунга кўра ҳаракат қилган жуфтликлар ҳаловатга эришади.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.