Бетоб қадрдонимизни кўргани кетяпмиз. Йўл-йўлакай ҳамкасбимнинг уйига кирдим, у ҳам бирга бормоқчи.

–     Келдингизми, ҳозир, – деди у ва дорга илинган рўмолчасини олиб ичкарига йўналди. – Озгина кутасиз-да, узр. Шу рўмолчани дазмоллаб олай.

Ташқарида машина кутиб тургани учун сабрсизлик билан:

–     Шундоғам дазмолланганга ўхшайди рўмолчангиз, юраверинг, – дедим.

–     Йўғ-эй, қайнонасига яхши қарамас экан, деб келинимга гап тегмасин, – деди ҳамкасбим. – Ўзимгаям яхшимас, фалончини келини ҳурмат қилмас экан, дейишмайдими?

   Ким нима дейишини билмайман-у, лекин мана шу битта гапдан ўзини ва ўзгаларни ҳурмат қилишга оид сабоқ олгандай бўлдим.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА