Вилоятлардан бирида яшайдиган дугонамга тўйга айтиш учун қўнғироқ қилдим. Ҳол-аҳвол сўрашдик, бир оз гаплашдик.

Тўйга албатта келишини тайинладим, шунда дугонам:

– Боролмайман, кўким бор (азадорликни билдириш), – деди.

Ҳайрон бўлдим, чунки бир йил олдин таклиф қилганимда ҳам шундай жавоб берган эди.

– Ўтган йили қайнонамнинг онаси вафот этувди, – изоҳ берди дугонам. – Яқинда тоғам оламдан ўтди...

Билишимча, бу ҳол кўпчилик аёллар аза муддатини билмаганлари, “етти”, “йигирма”, “қирқ” каби номашруъ маросимлар таъсирининг оқибатидир. Динимиз яқинлари, ҳатто ота-онаси ё фарзанди оламдан ўтган кишига ҳам уч кун аза тутишни машруъ қилган. Фақат эри ўлган аёл тўрт ою ўн кун аза тутиши керак.

 Зайнаб бинти Абу Саламадан (розияллоҳу анҳо) қилинган ривоятда бундай келтирилади: «Зайнаб бинти Жаҳшнинг олдига акаси вафот этган пайтида кирдим. У хушбўй нарса сўраб олди ва ундан суртди. Сўнгра: “Аллоҳга қасам, хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, лекин Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарда туриб: “Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган аёлга бирор маййит учун уч кундан ортиқ мотам тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ою ўн кун тутади”, деганларини эшитган эдим” деди».

Шундай экан, мўмин одам эл ичидаги ўринсиз гап-сўзларга, маломатларга эмас, имонини сақлашга эътибор қаратиши керак.

Ҳадиси шарифда айтилади: “Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзича) оғирлаштирса, дин уни, албатта, мағлуб қилади” (Имом Бухорий ривояти). Шариат буюрмаган ўринларда аза тутиш, айнан динни оғирлаштиришдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилган-да!” (Нисо, 28). Бу кўрсатмаларга амал қилган кишининг ҳаёти гўзал, савобларга тўла бўлади. Акс ҳолда, ўзини қийин аҳволга солиш, нафсига зулм қилиш билан динни ўзгаларга машаққатли кўрсатиб қўйиши, ўз қалбини ҳам бездириши мумкин.

Нигора МИРЗАЕВА