Динимизда аёлларга “оёқлари остига жаннат тўшалган” она, ота-онасининг икки дунёдаги роҳатига сабаб бўладиган қизалоқ, эрининг имон-эътиқодини бут қиладиган солиҳа рафиқа сифатида қаралади. Энг асосийси, фарзандларнинг тарбиячиси сифатидаги меҳнатлари, бу борадаги фидойилиги ва жонкуярлиги юксак баҳоланади. Ҳозирга келиб эса аёл шу юксак фазилат ва хислатларидан айро тушмаган ҳолда жамият ривожига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Юртимиз аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил қиладиган аёлларнинг бугун кўплаб соҳаларда алоҳида ўрни бор: қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг 39, илм-фандагиларнинг 37, саноатчиларнинг 43, соғлиқни сақлаш тизимида хизмат кўрсатаётганларнинг 73, таълим соҳасидагиларнинг 60 фоизини аёллар ташкил қилмоқда. Бу статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, жамиятнинг шиддат билан ривожланиб бораётган барча соҳаларида аёллар улуши кун сайин ортиб бормоқда. Шундай экан, аёлларнинг ижтимоий фаолияти борасидаги диний талабларга ҳам назар солсак. Ислом олами уламоларининг фикрига кўра, ишлаш эркак ва аёлнинг шахсий ҳуқуқи. Меҳнат қилиш вожиб, зеро, у яшаш, кун кечириш воситасидир. Зеро, Қуръони каримда эркак ва аёлларнинг касб қилишлари борасида алоҳида оят нозил қилинган: “...Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар...” (Нисо, 32). Ойша (розияллоҳу анҳо) эса аёлларни меҳнат қилишга чақириб бундай деганлар: “Сизга Аллоҳ тайёрлаб қўйган нарсаларнинг башоратини бераман. Эй аёллар жамоаси! Аллоҳ сизлар учун тайёрлаб қўйган нарсаларнинг баъзисини кўрганингизда, эртаю кеч тиним билмас эдингиз. Қай бир аёл ўзи, эри ва болалари учун урчуқ йигирса, албатта, Аллоҳ азза ва жалла унга жаннатдан мағриб ва машриқдан кенгроқ уй беради. Ҳар бир тўқиган кийими учун унга бир юз йигирма минг шаҳар берилади...”. Яъни аёл меҳнат қилиб, ҳам оиласининг фаровонлиги, жамиятнинг тараққиётига ҳисса қўшади, ҳам савобларга эришади.

Аёллар фаолияти борасида қарорлари Ислом оламида эътиборли саналган Ислом фиқҳи академиясининг 2007 йил 16 июлда бўлиб ўтган ХVIII мажлисида ҳам айтиб ўтилган. Қабул қилинган қарорда, жумладан, шундай дейилади:

* аёл киши ҳар қандай мулкни шаръий қоидаларга кўра бемалол тасарруф қилади;

* аёлнинг танлаган касби унинг табиатига ҳамда шаръий қоидаларга тўғри келиши керак;

* аёл фаолияти ижтимоий, маданий, маърифий ҳаётда шаръий қоидаларга зид келмайдиган ўринга эга.

Ислом шариати аёлларга уйдан ташқарида касбий фаолият билан шуғулланишга рухсат этади. Шу билан бирга, у амал қилиши керак бўлган шартларни ҳам белгилаб берган. Улар қуйидагилар:

– ниятни тўғри қилиш;

– ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга тақво қилиш. Чунки тақво кишига тўғри йўлни танлашга ҳамда эгаси, ва унинг атрофидагиларнинг турли фитналардан узоқ бўлишига ёрдам беради;

– аёлнинг танлаган касби унинг табиатига ва фитратига мувофиқ бўлиши;

– иш жойида номаҳрам эркаклар билан ёлғиз қолмаслиги;

– аёлнинг танлаган касби унинг асосий вазифасига салбий таъсир этмаслиги, яъни аёл меҳнат фаолиятининг давомийлигида кечани кундузга боғламайдиган бўлиши, аёл уйига келиб, ўз вазифаларини бажаришга куч топа олиши керак.

– валийнинг рухсати. Ҳадиси шарифда бу борада бундай дейилади: “Аёл валийнинг уйидан фақатгина унинг рухсати билан чиқади. Агар изнисиз чиқса, то қайтмагунича ёки тавба қилмагунича ғазаб ва раҳмат фаришталари унга лаънат айтадилар” (Байҳақий ривояти).

Аёл мана шу шартларга риоя қилса, ўз саломатлиги билан бирга оиласининг тинч ва хотиржамлигини, фаровонлигини таъминлайди, жамият ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

 

Саида АСҚАРОВА,

Тошкент Ислом институти талабаси