Савол: Соч ва тирноқни бўяш ғуслга монеълик қиладими?

Жавоб: Агар бўёқ соч толалари устида қатламни ташкил қилса, ғуслга монеъ бўлади. Доришунослар хинадан бошқа барча бўёқлар қатлам ҳосил қилишини тасдиқлашган. Шунинг учун хинадан бошқа сунъий бўёқларни соч бўяшда ишлатиш жоиз эмас. Шунингдек, тирноқ устига сурилган бўёқ ҳам ғуслга монеъ ҳисобланади.Аёллар ғусл қилаётганида олдин тирноғидаги, лабларидаги бўёқларни кетказишлари керак, акс ҳолда, ўша жойларга сув етмагани учун ғусл­лари ғусл ҳисоб қилинмайди.

Савол: Ғусл вожиб бўлган аёл ғуслдан олдин ҳайз кўриб қолса, ғусл қилиши керакми?

Жавоб: Бу ҳолда ихтиёрли бўлади, агар истаса, ғусл қилиб олади, истамаса, ҳайздан пок бўлганидан сўнг бирйўла ғусл қилади ("Хулоса").

Савол: Жунублик пайтида нималарни қилиш мумкин бўлмайди?

Жавоб: Жунубликда (яъни, жинсий алоқадан сўнг ёки уйқуда булғаниб қолганда) киндикости тукларини тозалаш, тирноқ олиш макруҳдир, бу ишларни ғуслдан сўнг бажариш керак. Жунуб киши тирноқ олиши, тукларни қириши, қон олдириши, киндикости ва қўлтиғини тозалаши, вужудидан ҳар қандай парчани узиб олиши мумкин эмас. Чунки барча аъзолар қиёматда тирилганида ювилмай қолган ёки шу ҳолатда олиб ташланган ҳар бир нарса жунуб ҳолда бўлади.

Жунуб ҳолдаги кишилар аввал қўлларини, кейин оғизларини ювиб овқатланишлари, намоз вақтини ўтказмасликка кўзи етса, ухлашлари мумкин. Эмизикли аёлларнинг боласи йиғласа, ғусл­га фурсати бўлмаса, кўкрагини ювиб эмизса бўлади.

Жунуб бўлган одамнинг ухлашдан олдин таҳорат олишини баъзилар мустаҳаб дейишган ("Аёллар фиқҳи").

 

"Динда саволим бор" китоби асосида тайёрланди.