Қадимда бир аёл: "Агар фарзанд кўрсам, уни ўқимишли, одобли қилиб тарбиялайман", деб кўнглига тугибди. Нияти ижобат бўлиб, Аллоҳ унга ўғил ато этибди. Фарзанд вояга етгач, она уни бир алломага топшириб, билим беришини сўрабди. Ўғил алломадан сабоқ олиб, онасининг ҳузурига қайтибди. Вақти келиб, ўзи ҳам жуда кўп шогирдлар етиштирибди.

Бир куни она ўғлига:

- Болам, ҳаво совиб кетди. Менга сандал тайёрлатиб берсанг, - дебди.

- Жоним билан, онажон, устага бориб сиз учун сандал тайёрлатаман.

Эртаси куни ўғил тайёр бўлган сандални кўтариб уйига келаётганида, уни шогирдларидан бири кўриб:

- Устоз, қўлингиздаги сандални мен кўтарай, - дебди. Шунда у:

- Йўқ, онамга ўзим хизмат қилишим керак, - деб кўнмабди.

Сандални кўрган онаси:

- Жуда чиройли, лекин салгина баландроқ бўлиб қолибди, - дебди ўғлига. Ўғил яна устанинг олдига бориб, сандалнинг оёқларидан қирқтириб келаётса, йўлда бошқа шогирди учраб, унинг қўлидан сандални олмоқчи бўлибди. Ўғил бу сафар ҳам:

- Онам учун ўзим хизмат қилишим керак, - деб жавоб берибди.

Она сандални кўриб:

- Жуда соз! Лекин ғаладони бўлса, туршакларни солиб қўяр эдим, - дебди ийманибгина.

Ўғил устага бориб, сандалга ғаладон ясатиб келибди. Шунда она:

- Ўғлим! Фарзандларинг ҳам ўзинг каби меҳр-оқибатли, диёнатли бўлишсин! Олганинг олтин, икки дунёинг саодатли бўлсин! - деб дуо қилибди.

Она дуосини олган бу киши эл орасида катта обрў-эътибор топибди.

Ҳотам РАСУЛ,

Андижон вилояти Хўжаобод тумани