Завжаким ул бўлса аниси ҳарам,

Шаръ тариқи била тут муҳтарам.

Нафақа билан нафсни тутма дариғ,

Жонингға ифрот ила ҳам урма тиғ.

Алишер НАВОИЙ  

 

Кўпинча, оилада муаммо ва келишмовчиликлар эр-хотин бир-бирини яхши тушунмаслиги оқибатида содир бўлади. Баъзи эркаклар аёлларни ўта талабчанлик, қаттиққўллик  билан йўлга солишга уринади. Бу ҳолат вазиятни баттар чигаллаштиради. Қуръони карим, ҳадисларда жамиятда ёки оилада учраб турадиган кичкина масалаларга ҳам тўғри ечим кўрсатилган.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларни яхши, чиройли муомала билан тартибга чақиришга буюрганлар: "Аёлларга яхши муомалада бўлинглар, деб айтган васиятимни қабул қилинглар. Чунки аёл қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи юқорисидир. Агар сен уни тўғрилайман, десанг, синдириб қўясан. Шундай қолдирсанг, эгри бўйича қолади. Шундай экан, хотинлар ҳақидаги васиятимни қабул қилинглар" (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисда оила бошлиғи, яъни, эркаклар оғир-босиқ, мулоҳазали бўлиши лозимлиги таъкидланмоқда. Масалан, улар аёлларнинг рўзғорда учраб турадиган баъзи бир камчиликлари учун ҳадеб уруш-жанжал кўтараверса, аёлини "синдириб" қўяди, яъни, оила бузилиши мумкин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "...Улар билан тотув турмуш кечиринг. Агар уларни ёмон кўрсаларинг, (билиб қўйинглар,) балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин" (Нисо, 19).

Шунга кўра, киши аёлининг қайсидир хулқидан рози бўлмаса, ажралишга шошмасдан, бу ҳолатни Қуръони карим ва ҳадисда айтилганидек чиройли муомала билан муолажа қилиши зарур.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: "Мўмин киши аёлидан нафратланмасин. Агар унга аёлининг бирон-бир ёмонроқ хулқи ёқмаса, бошқа (яхши) хулқи ёқади, хурсанд қилади" (Имом Муслим ривояти).

Бу хусусда ибратли ривоят бор. Саҳобалардан бири ҳазрат Умарнинг (розийаллоҳу анҳу) уйларига аёлидан шикоят қилишга келади. Ҳовли эшиги олдида ичкаридан ҳазрат Умар хотинининг баланд овозини эшитиб, орқага қайтади. Ташқарига чиққан ҳазрат Умар бояги кишидан нима учун келиб, қайтиб кетаётганини сўрайдилар. У: "Мен хотинимнинг аччиқ сўзларидан сизга шикоят қилгани келган эдим. Аёлингизнинг сизга қилаётган муомаласини эшитиб, бу ҳолатдан Умар ҳам узоқда эмас экан, деб ортимга қайтдим", дейди. Шунда ҳазрат Умар (розийаллоҳу анҳу) айтдилар: "Хотинларимиз уй-жойларимизни супуриб, тозалаб, тартибга келтиришади, таомларимизни тайёрлашади. Болаларимизни тарбиялашади, қайғули дамларда тасалли бериб, қалбимизни шод қилишади. Шунинг учун ҳам уларнинг бизда ҳақлари бор. Динимиз чегарасида уларга азият бермаган ҳолда, инсонийлик жиҳатидан ҳурматларини жойига қўйиб, камчиликларини афв этишимиз зарур".

Бу хусус ҳадиси шарифда бундай баён қилинади: "Сиз­лaрнинг энг яxшилaрингиз aҳли аёлигa яxши мунoсaбaтдa бўлувчиларингиздир. Мен ичларингизда aҳлигa энг яxши бўлгaнидирман" (Термизий ривояти).

 

Одилхон ИСМОИЛОВ,

Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди имом-хатиби