– Юрагим сиқиляпти... – ҳазин овоз эшитилади гўшакдан.

– Ие, нега? – қувноқроқ оҳангда сўрашга ҳаракат қиламан.

– Эртани ўйлаб...

– Индинни-чи? – гапни яна ҳазилга буришга уринаман.

– Аҳвол шу бўлса, индинни қўйинг, эртадан нима умид?..

“Кўрасиз, ҳаммаси яхши бўлади”, тасалли бераман. “Ҳа-а”, дейсиз ишончсиз оҳангда. У ёқ-бу ёқдан мисоллар келтириб, юпатаман. Бу ҳаракатларим деярли самара бермайди, на сиз, на ўзим таскин оламан. Чунки айтганларимнинг ҳаммаси тилимдангина чиқади, дилимда эса... Ўзимнинг кўнглим тўла келажакнинг қайғуси бўлгач, гапларим сизнинг қалбингизга қандай таскин берсин? Юрагимни сизни маҳзун қилаётган ўйлардан ҳам оғирроқ хаёллар босиб, ўзимни овутолмай турган ҳолимда, сўзларим бошқага юпанч бўлармиди?..

Ҳафсаласиз хайрлашиб, гўшакни қўйдингиз. Сиздан хафа бўлмайман, ўзимдан оғринаман – таваккулдан шунча узоқманми? Ахир, мен Ҳожар онамизни, ҳаёт нишонаси бўлмаган тоғлар орасидаги водийда муборак гўдакни кўтарганча ёлғиз қолган муборак аёлни ўзимга ўрнак билмаганмидим? Агар бошга синов келганида умидсизликка тушиш керак бўлса, Ҳожар онамиз тушиши керак эмасмиди? Мен нега умидсизман, менга нима етишмайди, теранроқ назар ташласам, ҳамма нарсам бор-ку! Ваҳоланки, моддият нуқтаи назаридан менда бор неъматларнинг кўпи ўша пайтда Ҳожар онамизда йўқ эди. Бори шу – кимсасиз, озуқа ҳам, ичимлик ҳам топиб бўлмайдиган жой, бир оздан кейин тугайдиган хурмо, сув. Неча марталаб сўраган саволлари жавобсиз қолди: “Эй Иброҳим, бу водийда ҳеч нарса йўқ-ку, бизни кимга ташлаб кетяпсиз?”

Ниҳоят: “Бу Аллоҳнинг амрими?” дейилган сўровга: “Ҳа” жавобини олди ва илоҳий буйруққа бўйин эгди: “Агар Аллоҳнинг амри бўлса, мен Унга таваккал қиламан. У мени зое қилмайди, ташлаб қўймайди”. Иброҳим Халилуллоҳ (алайҳиссалом) дуо қилдилар: “Эй Раббимиз! Мен зурриётимдан (бир қисмини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Эй Раббимиз! (Улар) намозни баркамол адо этсинлар деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (барча) мевалардан озиқлантиргин, шояд (шунда) шукр қилсалар” (Иброҳим, 37).

Ҳожар онамизда катта имон кучи ва таваккул бор эди. Чиройли сабр ва таваккулнинг мукофотлари кўп гўзал бўлди. Замзам суви ато қилинди, чақалоқ улғайди, унга пайғамбарлик берилди, Ҳожар онамизнинг Сафо ва Марва орасида сув қидириб югуришлари ҳаж ибодати амалларидан бири бўлди. Муборак она ва бола баракотидан улар ўрнашган жойга одамлар кўчиб келишди, ҳаёт бошланди, вақтлар ўтгани сари кенгайди, такомиллашди ва дунёдаги энг гўзал, бугун дунё мусулмонлари қутлуғ ибодат учун шошадиган муқаддас шаҳарга айланди!

Шуларни билатуриб, эртанинг ғамини чексак ярашадими, дўст? Гуноҳ, исён ичра эканимиз, сабрсизлигимиз, таваккулдан узоқлигимизни ўйлаб, кўзёш тўкишимиз керакмасми?..

* * *

“Ана, овсиним кетма-кет қиз туғди, шундаям ҳар айтгани муҳайё. Шунча ўғил туғиб берганимдан кейин, эрим айтганимни қиладиям-да, қилмай кўрсин-чи!”

“Менга уйланганмисиз, таъминлашга мажбурсиз! Нима қилсангиз, қилинг, биз ҳам бошқалардай яшайлик!”

...Иброҳимнинг (алайҳиссалом) фарзандлари йўқ эди, Ҳожар онамиз ўғил туғиб берди. Уларни кимсасиз чўлга ҳеч вақосиз ташлаб кетдилар. Ҳожар онамизда нима қолди? Иброҳимнинг (алайҳиссалом) дуолари, эмизикли чақалоқ, Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишонч ва таваккул...

Эрининг орқасидан югуриб, ёқасига ёпишмади. “Сизга ўғил туғиб бердим, мени ташлаб кетолмайсиз”, демади. Эри пайғамбар эди, фарзанди туғилди – бу неъматларни Аллоҳдан деб билди. Ўша неъматлар билан имтиҳон қилинди. Эри уни мурғак гўдаги билан саҳрода қолдирди – бу синовни ҳам Аллоҳдан билди. “Мен аёлингиз эмасманми, бу ўғлингиз эмасми? Нега бу мусибат менинг бошимга тушди?” деб маломат қилмади. Бир оғиз гап айтди: “Аллоҳга таваккал қилдим, у бизни зое этмайди”. Синов ҳамма нарсани бор ҳикмати билан қамраган Аллоҳдан эканини билган Ҳожар онамиз бошига келган машаққатни эридан ахтариб, унга боғлашни хаёлига ҳам келтирмади...

* * *

Биз Ҳожар онамиздек бўлолмаймиз, бу аниқ. Бироқ бу ҳеч нима қилолмаймиз, дегани эмас. Бизда имкон бор – ўрнак олиш, ўзимизни тузатиш, назорат қилиш имкони. Синовлар эса, сабрда, таваккулда собит мўминга икки дунё яхшиликларининг, ёруғликларнинг дебочаси бўлади, иншааллоҳ.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи