Ўзбек халқининг тўй билан боғлиқ энг ажойиб урф-одатлари, миллий қадриятлари кўп. Ундаги хурсандчилик, боғланаётган янги ришталар кўнгил мулкини бойитади. Шу боис кексаларимиз доимо: “Барчани тўйга етказсин!” дея дуо қилишади. Асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган урф-одатлар эса вилоятларда турлича. Бу удумлар ўша вилоятнинг яшаш шароити, эътиқод ва маданий савияси билан боғлиқ ҳолда шаклланган, давом этиб келмоқда. Бошқа вилоятларда қандай билмадим, аммо водий томонларда бир урф бор: тўйдан бир кун аввал ёки кейин келин туширилган хоналарга унинг кийим-кечаклари осиб чиқилади. Анжанчасига айтганда, сеп ёйилади. Аввал деворга момолар тиккан қўшқийиқ, жойнамозлар қоқилади. Унинг устидан келинчакнинг сарполари, куёв боланинг кийимлари ҳатто сочиқлар, рўмоллар бир текис қилиб илинади. Келган меҳмонлар сарполарни обдон томоша қилишади.

Бу удумнинг асл манбаси, маъноси нима эканини билмайман. Аммо бугунги кунимизга келиб ушбу анъана кўплаб нохушликларга сабаб бўлаётгани ачинарли. Кўпчилик хотин-қизлар айнан шу удумда ким ўзар пойгасини очганлари рост. Фалончининг қизиникидан кам сеп қилиб бермайман, дея мол-мулкини кўкка совураётганлар, қарзга ботаётганлар қанча?!

Аксарият ҳолларда сепини яхши қилмабди, деган гапдан чиққан жанжал туфайли ўртага совуқчилик тушиб, охир-оқибат оилалар бузилиб кетаётгани янгилик бўлмай қолди.

Бир-икки воқеани келтириб ўтсам: яқин бир танишимиз қизини унаштиргач, ана шу “ким ўзар пойгаси”нинг чинакам қатнашчисига айланди. Эр маталда айтилганидек, бош бўларкан, хотин эса бўйин. Аёлининг ундай қилишимиз керак, бундай қилишимиз шарт, деган гапларини тўй мажбуриятлари дея тушунган бечора ота акасидан, қайнисидан, синглисидан, таниш-билишидан қарз кўтарди. Келиннинг сарполари, мебеллар, сўнгги урфдаги идиш-товоқлар... Хуллас, аёл кўзлаган мақсадига етди. Пойгада ҳаммадан ўзиб кетди.

Аммо афсус, инсоннинг чин бахти бу нарсаларга боғлиқ эмаслигини ўша пайт унга ҳеч ким уқтира олмаганди. Икки йилдан кейин сарполари тўкис қизгина битта ўғилчаси билан ота уйига қайтиб келди. Сарполари ижара хонадонга сиғмай бир тўп бўлиб уюлди. Уйи нега ижара дейсизми?! Ота тадбиркорликдаги сармоясини ҳам тўйга сарфлаб юборгани сабаб қарзини тўлай олмай қолди. Уйини сотишга мажбур бўлди.

Яна бир воқеа: кўздек қўшнимиз бор. Узоқ йиллар мактабда ўқитувчилик қилган, ўзининг касбдоши билан қуда бўлди. Ажабланарлиси, кўп нарсани тушуниши лозим бўлган зиёли қайнона келиннинг сарполарини кўргач, тўнини тескари кийди. “Қилган сочиқлари тоза эмас”, дея хатто ташқарига чиқиб улгурмаган келинчакнинг кўзларини ёшлади. Орага тушган совуқчилик кўтарилмади, кейинчалик ҳам жанжалларга сабаб бўлаверди. Яқинда ана шу оила расмий ажралиш учун ариза берганини эшитиб, ачиниб кетдим. Битта ширин фарзанд ҳам совуқчиликни кетказа олмаганига нима дейсиз?! Ўша арзимаган сочиқлар, наҳот, ёшларнинг бахтидан, оиласидан, ота-она меҳрига зор, қалби кемтик улғаядиган боладан азиз бўлса?!

Аслида, ота-оналар янги ташкил бўлган оилани моддий жиҳатдан қўллаб юбориш учун, ёш рўзғорга бир оз мадад бўлсин, камчилиги кўп ёшлар қийинчиликлар олдида эсанкирашмасин, қийналишмасин деб сарпо қилиб беришади. Шундай экан, эзгу ниятда йиғилган сарполар бахтсизликка йўл очиши ачинарли эмасми?!

Халқда бир гап бор: “Келинни келганида кўр, сепини ёйганида кўр”. Шу каби воқеаларни кўравергач, дилимдан бир ўй ўтди. Балки келинни сепини ёйганда кўришни бас қилиш вақти келгандир? Ота-она сепнинг саноғию адоғини билишни ёшларнинг ўзи билан бамаслаҳат, ҳаётий эҳтиёжлардан келиб чиқиб ҳал қилгани тўғри бўлар? Шунда ким ўзарлар, турли жанжалларнинг олди олинар?

Нигора МИРЗАЕВА