Автобусга миндим. Кейинги бекатдан икки қиз чиқди. Хатти-ҳаракатлари эътиборимни тортди. Манзилга етгунимча улардан кўз узолмадим. Тушганимдан кейин ҳам уларнинг ҳолати хаёлимдан кетмади. Одобли, ораста қизларнинг бир нуқсонлари бор, улар соқов эди. Шундай бўлса-да, ўзини нуқсонсиз биладиган, бироқ тилини ёмонликдан сақлаёлмайдиганлардан афзал кўринишарди.

Ўша қизларга насиб этмаган сўзлаш неъмати менга, бошқаларга ато этилган. Бироқ биз кўпинча бу улуғ неъматни увол қиламиз. Шарафимизни ёмон сўзлар билан топтаймиз. Ҳар сўзимиз амал эканини, ҳисоб-китоб қилиниб турганини унутамиз: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилса, албатта унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи бордир” (Қоф,18) ояти хабаридан ҳушёр тортмаймиз.

Икки соқов қизнинг ҳолати менга катта сабоқ бўлди. “Қўли ва тилидан бошқаларга зарар етмайдиган киши ҳақиқий мусулмондир”, деган ҳадиси шариф ҳикматини теранроқ англагандек, ҳазрат Абу Бакр Сиддиқнинг  оғизларига тош солиб юришлари сабабини чуқурроқ тушунгандек бўлдим. Бекорчи, ортиқча сўзлардан сақланишга эҳтиёж туйсам ё менга берилган бирор неъматни исроф қилаётганимни сезсам, бу неъмат бошқаларда йўқлигини ўйлашга, тўғри йўл тутишга ҳаракат қиладиган бўлдим.

 

Сайёра  ТУРСУНОВА,

Тошкент шаҳри