Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Ойша онамизнинг (розияллоҳу анҳо) биргаликда кечирган ҳаётлари ибратларга тўла.

Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Албатта, сен мендан қачон рози бўлсанг ҳам, мендан қачон аччиқлансанг ҳам биламан”, дедилар.

“Қаердан биласиз?” деб сўрадим.

“Қачон мендан рози бўлсанг: “Муҳаммаднинг Рабби ила қасам, ундай эмас!” дейсан. Қачон аччиқлансанг: “Иброҳимнинг Рабби ила қасам, ундай эмас!” дейсан”, деб айтдилар.

“Тўғри! Аллоҳга қасам, эй Расулуллоҳ, исмингиздан бошқани ҳижрон этмайман”, дедим.

Бу ҳадиси шарифдаги “исмингиздан бошқани ҳижрон этмайман”, дегани, “фақат исмингизни айтмайман, холос”, демакдир. Ҳурматни, нозикликни кўринг! Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) жаҳлланганини ҳам оғир ботмайдиган тарзда билдирмоқда. Ўз ўрнида Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам аёлларига эътиборли бўлганлари сабабли онамизнинг (розияллоҳу анҳо) ранжиганини биргина сўздан билиб олмоқдалар.

Ҳадисда ҳам эркаклар, ҳам аёллар учун ўрнак бор. Афсус шундаки, бугун эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар оила даврасида эмас, балки маҳалла идорасида хал қилиняпти. Турмушда бўладиган кундалик тортишувлар катталашиб, овозаси девор оша кўчага чиқмоқда. Бу миллатимиз анъаналарига, мусулмончиликка ҳам ярашмайди. Жанжаллар, жаҳл, аччиқ гаплар ўртадаги ҳурмат ва меҳр-муҳаббат илдизларига қуйиладиган қайноққина сув. Оиланинг энг нозик ришталарини таг-томири билан қуритиб қўяди.

Эридан аччиқланиб, қаттиқ-қаттиқ сўз айтаётган муҳтарама аёллар! Бир ўйлаб кўринг, балки сиз ҳам зардангизни мулойимлик билан етказарсиз? Чунки қаттиқ сўздан кўра, юмшоқлик билан қилинган араз кўнгилга кўпроқ таъсир қилади. Эркаклар ҳам эътиборни, аёл кўнглини, туйғуларини инобатга олиб яшаш дарсини инсониятга мураббий қилиб юборилган зотдан ўргансалар, соз бўларди. Ахир, бутун умр ёнингизда, яхши-ёмон кунингизда елкадош инсоннинг туйғулари, фикрлари, руҳий ҳолати оилангиз, фарзандларингиз ҳаётига таъсир қилади-ку!

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сочларини ювиб, сўнг фарқ очиб, тараб қўйишлари ҳақида бир неча ривоятларни ўқиб, ўз ҳаётимни тафтиш қилдим. Мен қачон завжимга бундай илтифот кўрсатдим?! Ҳа, эрга хизмат саналган бу ишни бугун илтифот дейиш мумкин. Зеро, бу жуда азиз одамларга қилинадиган марҳаматдек тансиқлашган.

Бугун аёллар уйларида қиладиган ҳар бир ишни миннат қиладиган бўлишди. Бирор юмуш юзасидан койиш эшитса, гапи тайёр: “Мен уйингизни озода тутиб ўтираман, эртадан кечгача тинмайман, болаларингизга қарайман. Овқатингизни пишираман, кийимингиз доим тахт! Яна норози бўлаверасиз!”

Меҳнатини миннат қилиб, савобини йўққа чиқараётган азиз дугонажоним. Сизга ҳам ўзимга берган саволни берай: “Бирор марта бўлсин, турмуш ўртоғингизнинг сочини тараб қўйганмисиз?!” “Йўқ”. Шундай эмасми? “Нега бунчалар майда нарсаларни ёзишяпти экан?” деб ўқувчиларимиз таажжубга тушиши мумкин. Аслида, саволни фақатгина соч тарашга оид, деб қабул қилмаслик керак. Бу эрга эътибор бериш, ҳам соғлиғи, озодалиги ҳақида қайғуриш, ҳам меҳрини билдириб, оила мустаҳкамлигига эришиш деганидир.

Айтиб ўтганимиз икки ҳолат нубувват хонадонидан олишимиз мумкин бўлган ибратлар денгизидан томчи, холос. Бу борадаги билимларни ўрганиб, тафаккур қилишда давом этсак, билганларимиз ҳаётимизни фаровонлигига, охират саодатини топишимизга васила бўлади, иншааллоҳ!

 

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтади:

* Агар эринг бор бўлса, икки кўзингни чиройлироқ қилиш (оро бериш) имконинг бўлса, ўшандоқ қилгин.

* Ўзингдаги нохуш нарсаларни доимо кетказиб юр. Эринг учун бир ерга борганингда ясангандек ясангин. У сенга амр қилса, итоат эт.

* Эй аёллар жамоаси! Аллоҳ сизлар учун тайёрлаб қўйган нарсаларнинг баъзисини кўрганингизда, эртаю кеч тиним билмас эдингиз. Қай бир аёл ўзи, эри ва болалари учун урчуқ йигирса, албатта, Аллоҳ азза ва жалла унга жаннатда мағриб ва машриқдан ҳам кенгроқ уй беради. Ҳар бир тўқиган кийими учун унга бир юз йигирма минг шаҳар берилади.

* Эй аёллар жамоаси! Эрингизга итоат қилганингиз, болаларингизга хизмат қилганингиз учун сизларга Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги абадий неъматлар башоратини қабул қилинг! Сизлар бу дунёда мискин бўлсангиз ҳам, у дунёда анбиёларнинг хотинлари билан бирга жаннатга биринчи борасиз. Аллоҳ таоло сизларнинг кабирадан бошқа гуноҳларингизни мағфират қилади.

 

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.