Онам кўп китоб ўқирдилар. Ўқиган китобини биз билан эринмай ўртоқлашардилар. Улар ўқиб берган ривоятлар, ибратли ҳикоялар бизни яхши ишларни қилишга ундарди. “Ширинсўз, меҳрли, сабрли бўлинг, ниятингизга етасиз”. Бу сўзлар ҳикматини кейинроқ англадим....

Йиллар ўтди. Улғайиб, оилали ҳам бўлдим. Ота-онамдан узоқда яшашга тўғри келди. Қийинчиликларга сабр қилишда, рўзғор тутумларида, ишхонамда ходимлар билан аҳил-иноқ бўлиб кетишимда онамнинг ўгитлари асқатади. Турли синовлар у сўзлар ҳикматини теранроқ англата бошлади...

Бир куни дугонам гапириб қолди: “Қўшнимизникида ҳар куни жанжал. Қўшнилар эшитади, уят бўлади, деган андиша йўқ. Овсинлар бир уйда яшашади, болалари ҳали ёш. Ўйинчоқлар талашиб тўполон қилишади. Бу тўполон овсинларга баҳона. Эрлари ўртага тушади. Ака-укалар бир-бирига меҳрсиз. Болаларда ҳам бунинг таъсири сезилади...” Онам меҳмонга келган эди. Дугонам кетгач, онам: “Уйнинг файзи келин! – дедилар таъкид билан. – Унинг тутуми рўзғорда жуда муҳим. Агар у оқила бўлмаса, ака-укалар ўртасига совуқчилик тушиши тайин. Зинҳор бу овсинлар тутган йўлдан юра кўрма, оила муқаддас даргоҳ, унга путур етади...”

Болаликдан тарбиямизга катта масъулият билан ёндашган онам улғайиб, оилали бўлиб кетсак-да, ҳали-ҳануз кўнглимизни ёш боланикидек авайлаб, меҳр берадилар, тарбия қиладилар... Фарзандларимни тарбия қилишда онамга ўхшагим келади...

 

Дилфуза РАҲИМЖОН қизи,

Тошкент