Мен бу ҳайратланарли воқеани Усмон Нурий Тўпбош мақолаларидан бирида ўқиган эдим. Интернет манзилга кириб, ўша воқеа акс эттирилган видеотасвирларни кўрдим. Бу чиндан ҳам ҳайрон қоларли эди.

Биламиз, оҳу (антилопа)лар доимо арслонларнинг ўлжаси бўлган. Лекин урғочи шернинг оҳу боласини ялаб-юлқаб, фарзандидек шафқат кўрсатишини, доим бирга юриб, бирга туришини ҳеч тасаввур қила оласизми? Жуда қийин, тўғрими? Бироқ Кениядаги Самбуру миллий қўриқхонасида шундай воқеа юз берди. Ёш урғочи шер қандайдир сабаб билан етим қолган оҳу боласига онасидек меҳрибонлик қилади. Бу илиқ муносабатни сезган оҳуча ҳам шердан айрилмайди. Она шер ёнидаги оҳу боласи эканини яхши билади, чунки уни гўшт билан боқмайди. Оҳу эса сут йўқлиги сабаб япроқларни ейишга уринади. Она арслон ҳатто овга ҳам чиқмай қўяди. Очликдан иккови ҳам заиф кўринишса-да, саломатликлари яхши экани кузатилади.

Жараён икки ҳафта давом этади. Бу вақт мобайнида урғочи шер “асраб олган фарзанди”ни ҳимоя қилади, бир лаҳза ёнидан айирмайди. Оҳучани суйиб, эркалайди, қулоқлари, тумшуқларини ялаб-юлқайди. Аммо икки ҳафтадан сўнг буталар ортида пойлаб турган нар шер урғочи арслонни доғда қолдириб, оҳучани тишлаб олиб қочади. Икки ҳафталик очлик таъсирида кучини йўқотган она шер қаршилик кўрсатолмайди. Чорасиз она ҳозиргина оҳу боласи ўлган жойни искай бошлайди, бир оздан кейин бошини эгиб у ердан узоқлашади...

Кузатувчилар эртасигаёқ урғочи шернинг овга чиққанини кўришади...

Ҳа, оналар шундай – яратилишидан меҳр-шафқатли. Оналик энг яхши, гўзал хислатлар мужассами. Келтирилган воқеа ҳам шу ҳақиқатнинг бир намойишидир...

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи