Бешик – асрлар давомида қўлланиб келаётган миллий қадриятларимиздан. У ҳақда Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида (ХI аср) ҳам маълумот бор. ХV асрга хос митти рангтасвир асарларда ҳам бешик суратини кўриш мумкин.

Юртимиз иқлим шароитида бешикнинг фойдаси катта. Тўғри ишлатилса, гўдакнинг соғлом ўсишига фойдаси бор. “Бешик боласи – бек боласи”, дейди халқимиз. Чақалоқни ҳар хил ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишда бешикка етадигани йўқ. Ҳароратни ўртача сақлайди, бола таги қуруқ ва тоза туради, хотиржам ухлайди, умуртқа суяклари текис ўсади, чақалоқ қўлга ўрганиб қолмайди. Бешикнинг бир маромда тебраниши она алласига ҳамоҳанг бўлиб болага руҳан ва жисмонан тинчлик бахш этади.

Бешикни тўғри ишлатиш керак. Қаттиқ ерга эмас, юмшоқ кўрпача устига қўйса, яхши тебранади. Бола фақат ухлайдиган пайтлари бешикда ётиши керак. Узоқ вақт бешикда ётқизиш ҳам тўғри эмас. Чунки бола терисига ёруғлик кам тушса, рахитга олиб келиши мумкин.

Бешикка ёруғлик тушиб турсин. Гўдакни бешикда ётган ҳолида эмизмаган яхши. Агар эмизишга тўғри келса, галма-гал, икки томондан эмизган маъқул.

Момоларимиз сумакни ишлатишдан олдин оловга тутиб, зирапчалардан тозалаб, кейин ёғга ботириб олишган. Бундай қоидаларга риоя қилиш турли касалликларнинг олдини олади. Бешик ёпинчиғи табиий матодан бўлса, боланинг нафас олишига тўсқинлик қилмайди. Уни вақти-вақти билан очиб, шамоллатиб туриш керак.

Бешик тагига солинган кўрпача юпқа ва пахтадан бўлсин. Боғичлари ўртача боғланса, яхши. Қаттиқ боғланса, қон айланиш эркинлиги бузилади, суяклар қийшиқ ўсиб қолиши мумкин.

 

Шифокорлар тавсияси

Бош мияси шикастланган, ўқига ўралиб ёки чала туғилган, туғма касаллик билан дунёга келган, чаноқ-сон бўғими қинғир ўсган гўдаклар бешикка беланмайди.

Бола оёқ-қўллари ярим букилган ҳолатда беланади. Танаси тўғри қилиб боғланса, қон айланиши бузилади, ўсишда нуқсонлар келиб чиқади. Ёстиқчаси баланд ҳам, паст ҳам эмас, ўртача бўлсин.

Бешикда ётган бола эмизилганида оғзидан сут қайтиб келиши ва қулоқ найи орқали ўрта қулоққа тушиб, яллиғланиш рўй бериши мумкин.

Бешик турган хонани тез-тез шамоллатиш керак, чунки чақалоқнинг кислородга эҳтиёжи катталардан кўра кўпроқ. Хона намлигини меъёрида сақлаш учун бирон идишга сув қуйиб қўйилсин.

Михсиз ясалган қурилма

Бешикнинг тузилиши ажойиб. Дунёда энг маъқул деб тан олинган гумбазсимон қубба шакли бешикка асос қилинган. Икки ёни очиқлиги, ичи кенглиги болани белаш ва ечишга қулай.

Бешик қурт тушмайдиган тут, баъзида ўрик, ёнғоқ, эгмаси ва сумаги эса кўпинча юмшоқроқ тол ёғочидан ясалади. Моҳир усталар бешик ясашда умуман михдан фойдаланишмаган. Безатишда ҳиди чиқмаслигига, бўёқлар табиийлигига эътибор беришган, ёрқин ранглар ишлатишган. Чунки гўдак бешикнинг безакларига қараб, тинчланади, ранг ажратишни ўрганади.

Бешик ёпинчиғи, мавсумга қараб духобадан (қишки), ипак мато ёки сурпдан (кузги, баҳорги), докадан (ёзги) тикилган. Қовузи тариқдан, шоли, сули ё буғдой пўстлоғидан тайёрланадиган махсус кўрпачадир.

Зебунисо ҲУСАЙН тайёрлади.