Ўтган асрнинг иккинчи ярмида адабиётга кириб келган ижодкор қиз-аёлларнинг барчаси Ўзбекистон халқ шоири Зулфия эътиборидан, ғамхўрлигидан четда қолмади. Шоира уларни оналик қалби билан ардоқлади, адабиётимиз жонкуяри бўлиб қўллаб-қувватлади.

Зулфияхоним адабиёт ихлосмандларини ҳам жуда қадрлар эди. Унинг бахмаллик Юлдуз исмли мухлисага ёзган хатларидан парчалар фикримиз далилидир.

 

Суюкли қизим Юлдузжон!

Яхши кунларда мактубингни олиб, кайфиятим кўтарилди. Сендан келган ҳар бир хат соғинчимни оширади ва кўнглимга тасалли беради. Бир мактуб ярим дийдор дейдилар. Лекин сенинг иссиқ чеҳранг ҳамиша кўзим олдида, меҳрингни узоқдан ҳам сезиб тураман. Сен келадиган кунларинг менинг бу ердаги кунларимни безашини биламан...

* * *

Сен нафақат доно, иродали, мустаҳкам эътиқодли қизсан. Сендайларни дунёга келтириб кетган Онангга раҳмат, қизимжон, ўзингни тетик тут! Ҳаётда тақдирнинг қаттиқ бўронини кўрдинг, кўрганинг ўша бўлсин, шамоллар, шабодаларга чап бериб, уни енгиб яшаш керак. Худо сенга умрингнинг ҳамма фаслида ҳам баҳор шабодасини туҳфа этсин.

* * *

Юлдузбону! Мен сени янгиликлар билан қутлайман. Орзуларинг рўёбга чиқадиган масъуд кунлар сени қувонтирсин. Мен хоҳлайманки, сен гўзал келин бўлиб тушган хонадонда ҳамиша осойишталик, эзгулик, қадрлилик ҳукм сурсин. Юлдуз, Юлдузжон, бу ерда сенинг ўрнинг ҳамиша билинади, лекин бахтиёр ҳис билан яшаётганинг учун мамнунман.

* * *

Салом, менинг суюкли қизим Юлдузбону!

Мен сени ва Алишерни оналик ва оталик саодати билан муборакбод этаман.

Қизим, сен ҳақсан, оналик туйғуси шу қадар кучли ва шу қадар бепоёнки, унинг қай даври қанчалик катта ва гўзал, азизлигини ўлчаб бўлмайди. Буни мен айтяпман. Умрлари ярим аср довонидан ўтган азиз фарзандларимнинг қайси фасли гўзал, азиз ва суюкли – айтолмайман.