Дунё Ислом нури ила мунаввар бўлгач, жоҳилият давридаги ботил ҳукмлар буткул парчаланди. Жумладан, қиз фарзандлардан ор қилиб, уларни тириклай кўмиш каби қабиҳ одатларга ҳам чек қўйилди: “(Эй инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирманг – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир” (Исро, 31).

Ислом шу билан кифояланиб қолмади, қиз фарзандни солиҳа этиб тарбиялаб ўстирганларга дўзахдан нажотни ва жаннатнинг мукофотини ваъда қилиб, қизлар қадрини улуғ қилиб қўйди. Ҳадиси шарифда айтилади: “Кимнинг уч қизи бўлса, сабр билан ўстирса, топганидан кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, қиз фарзандларни яхши тарбиялаб, нафақа билан таъминлаб, улардан етадиган машаққатларга сабр қилсак, дўзахдан парда ва жаннатга киришимизга восита бўлар экан. Кимга Аллоҳ қиз фарзанд берган бўлса, жаннатнинг калитини берибди!

Аммо бу – қизи йўқлар юқоридаги имконлардан бенасиб, дегани эмас. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч қизи ёки уч синглиси бўлиб, уларга гўзал эҳсонлар қилган одам, албатта, жаннатга киради”, деб айтдилар” (Имом Бухорий).

Мазкур ҳадиси шариф сингиллар тарбияси ва ҳаётига эътиборли акаларга улуғ башорат беради. Фарзанд сифатида ота-онага, сингил сифатида акаларга жаннатга киришга васила бўлишлари қизлар қадрини янада зиёда қилади.

 

Ғиёсиддин МУҲАММАД ЮСУФ тайёрлади.