Ҳомиланинг пайдо бўлиши, бир бутун жисм бўлиб шаклланиши, дунёга келиши Яратганнинг энг гўзал мўъжизаларидан бири ҳисобланади. Бугун бу бетакрорликни тиббий асбоблар ёрдамида кузатиш имкони борлиги ақл юргизиш учун бир сабабдир.

Шунингдек, Аллоҳ илҳом бериб, инсонларга билдирган илмлар туфайли бугун боланинг ривожланишида қайси модда фойдали, қайсиниси зарарли экани фанга маълум. Тиббий ускуналар ривожланиш қандай бораётганини аниқлаши, шунга кўра ҳаракат қилиш ҳам катта имконият. Афсус, баъзилар айримлар бундан ўрнида фойдаланмайди. Доимий доктор назоратини кераксиз ҳисоблайди. Бу қарашлар қай даражада тўғри? Ҳомиладорлик давридаги назоратлар она ва боланинг соғлом бўлишида қандай ўрин тутади?

Ана шундай саволлар билан Сирғали туманидаги 37-оилавий поликлиника шифокори Гулноза Эшонқуловага мурожаат қилдик:

– Ҳомиладор аёлнинг доимий назоратда бўлиб туриши қанчалик муҳим?

– Ҳомиладорлик касаллик эмас, бироқ энди икки кишининг ҳаёти ҳақида гaп бораётгани учун онадан ҳам, шифокордан ҳам алоҳида эътибор талаб қилинади. Айтиб ўтиш лозим, бугунги кунга келиб ёмон экологик муҳит боис инсонлар саломатлигида қатор муаммолар келиб чиқмоқда. Ҳомиладор аёллар соғлиги эса янада эътибор талаб эканига сабаб шуки, танадаги айрим муаммолар – қон камлиги, йод тақчиллиги даражасига қараб, зарарсизроқ бўлиши мумкин. Бироқ ҳомиладорлик пайтида ҳар иккала ҳолат ҳам катта кўнгилсизликлар келтириб чиқаради. Йод тақчиллиги боланинг ақлий ривожланишига жиддий таъсир кўрсатса, қон камлиги, ҳомилага озиқ моддалар, айниқса, кислород яхши етиб бормаслигига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли аслида жуда соғлом аёлларни ҳам ҳомиладорликда назорат қилиб, ҳолатларига кўра тавсиялар бериб туриш муҳимдир.

Ҳомиладор аёлнинг умумий қон таҳлили қон камлигини кўрсатса, бироқ аёлда унинг асоратлари сезилмаса, муолажада фақат овқатланиш таркибига темир моддасига бой озиқ-овқатларни қўшиш билан чекланамиз. Агар камқонликнинг бош айланиши, ҳолсизланиш каби асоратлари сезилса, тез сўриладиган дорилардан бирини тавсия қиламиз. Бир ойдан кейин текширув ўтказилиб, натижага кўра муолажа давом эттирилади.

– Ҳомиладор аёллар таҳлилларнинг кўплигидан нолишади ва оворагарчиликлардан чўчиганлари сабабли текширувдан ўтишни кечиктиришади. Бунга нима дейсиз?

– Замон талаби ва вазиятдан келиб чиққан ҳолда бир неча таҳлилларни топшириш йўлга қўйилган. Буларнинг барчаси она ва бола саломатлигини сақлаш, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмокда. Дастлаб топшириладиган таҳлиллар вирус ва инфекцияли касалликларни аниқлашга, онанинг умумий ҳолати ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Жумладан, гепатит, бруцеллёз, қандли диабетга қарши текшириш, умумий қон таҳлили ва қон гуруҳини аниқлаш кабилар бўлажак она ва бола учун жуда муҳим ҳисобланади. Аниқланган касалликларни бутунлай даволаш, ёки унинг ҳомилага зарар қилмаслигини таъминлаш олдимизда турган энг асосий вазифа. Назаримда, ўзи ва фарзандининг соғлом бўлишини истаган аёл албатта, бу текширувлардан ўтиши лозим.

– Ултратовушли ташхиснинг аҳамияти, унинг ҳомилага қанчалик зарарли экани ҳақида гапирсангиз.

– Кўплаб инсонларда ултратовушли ташхиснинг зарарлиги ҳақида нотўғри тасаввурлар мавжуд. Бироқ унинг нечоғли зарарли экани, бола ёки онага ножўя таъсири ҳали фанда исботланмаган. Бироқ ҳомиладор аёлларнинг аксарияти қизиқиш нуқтаи назаридан, шифокор тавсиясисиз ултратовуш ташхисини амалга оширади.

– Сизнингча, ултратовуш ёрдамида ҳомила жинсини аниқлаш қанчалик тўғри амалга оширилади?

– Бугунги кунга келиб жуда кўплаб оилаларда шу ҳолни кузатиш мумкин. Икки ёки уч қизи бор аёл ҳомила роса 11 ҳафталик бўлганида ултратовуш ёрдамида унинг жинсини аниқлатади. Агар яна қиз дея тахмин қилинса, эътибор беринг, тахмин қилинса, деяпман, ҳомиладорлик тўхтатилади. Аслида, бу ташхислар кўп ҳолларда тўғри чиқмаслиги ҳам мумкин. Масалан, икки-уч марталаб ултратовушли ташхисда ўғил деб кўрсатилган ҳомиланинг қиз бўлганини, ёки қиз дея олдирилганида, нобуд бўлган ҳомила ўғил чиққан вазиятларга кўп дуч келганмиз. Шу сабаб фаннинг бу каби ютуқларидан фақат яхшилик, болаларни соғлом дунёга келтиришда бир восита сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Нигора МИРЗАЕВА

суҳбатлашди.