Мени ҳаёт гулшанига меҳр ила етаклаб кирган, бахт калитини қўлимга тутқазган мунисгина қайнона онажонимнинг соғинчи қўлимга қалам тутқазди. Тақдир қўшни хонадон – Қимматхон ая ва Мамасидиқ ака Солиевлар оиласига насибамни қўшди. Уларнинг катта ўғилларига хотин бўлдим.

Қайнонамнинг меҳрибонликлари, доноликлари сабаб бу оиланинг муҳитига тез кўникдим. "Болам, бир ишга киришдингми, меҳрингни бер. Айниқса, овқат пишираётганингда озгина бепарво бўлсанг, мазали таом тайёрлай олмайсан. Иш ичида иш битир. Тандирга ўт қалаб туриб, ҳовлингга сув сеп, супур. Шунда ишингда унум бўлади", дердилар. Бошида жуда қийиндек туюлган. Бориб-бориб одатга айланди.

Фарзандларим туғилди, оналик одобини ўргатдилар. "Чақалоғинг насибасини одамларнинг назаридан четроқда бер. Қўлингни чаймай туриб ҳатто пиёлага қўл чўзма", деган ўгитни юрагимга муҳрладилар. "Доимо қалбингда эзгулик, қўлингда саховат бўлсин", дердилар. Бир қозон овқат пиширардик. Ярмини қўшнига улашардилар. Каттага ҳам, ёшга ҳам бирдай муомалада бўлардилар. Ўзлари биз келинлардан-да ғайратли эдилар. Баъзан уялиб кетардик, уларга етиб меҳнат қилишга уринардик. Жуда покиза эдилар, у кишидан гуллаган райҳон иси келарди. Маҳалланинг иссиқ-совуқ тадбирларининг бошида турардилар. Бировнинг келини аразлаб кетиб қолганини билиб қолсалар, олдиларига солиб қайтариб келардилар.

"Сенлар ёш бўлмаганмисан? Одамлар ҳайвонни йўлга солаётганида инсоннинг боласини измингга юргизолмайсанми? Кўрасан, сенинг ёшингда улар сендан ақлли бўлади", деб қудаларни муросага келтириб қўярдилар. Тўрт овсин бирор марта "қайнона" сўзини ишлатмаганмиз. "Катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам ўша йўлдан юради", дердилар менга.

Томорқада меҳнат қилиш жону диллари эди. Ўсмадан тортиб кўкатларгача, сабзидан тортиб ошқовоққача экиб парвариш қилардилар. Баъзида онамизга: "Бўлди-да, энди кексалик гаштини суриб яшанг, қолган ишларни мана, биз қиламиз", деб койинсак, "Жон болаларим, мен иш қилмасам, касал бўлиб қоламан. Қимирлаганимга хурсанд бўлинглар. Соғ бўлмасам, шу ишларни қилармидим. Ҳа деган туяга мадор", деб таскин берардилар.

Маҳалладан бирон қиз кимгадир унаштирилса, кўрпа-тўшакларини ҳам онажоним тикардилар. Эвазига ҳеч нарса умид қилмасдилар. "Болажонларим, савоб ҳам керак. Мендан кейин, битта холамиз бор эди, деб гапириб юрасизлар", дердилар. "Қишлоқнинг онахони" мақомини олган эдилар. Доимо дастурхонлари очиқ бўлган. Қўшнилар набираларини етаклаб кириб қолса ҳам, бошқача бўлиб кетардилар. "Булар ҳали бола-ку", десам, "Ҳай-ҳай, ундай демагин, бола пошшо. Буларнинг пешонасига Аллоҳим нималарни ёзгани ўзига аён. Катта бўлганларида эслаб юришади", дердилар.

Солиевлар оиласини Ёзёвон туманидаги энг намунали оилалардан бўлишига онажоним сабабчи деб ўйлайман. Тўртта қизларини қўшни қишлоқдаги Содиқовлар оиласининг тўртта ўғлига келин қилиб узатганлар. Қайнотамнинг бағрикенглик­лари, қайнонамнинг доно ва меҳрибонликлари бизни бугун шу даражага етказди. Йиллар ўтиб, ўзим муаллима бўлгач, онажонимнинг сўзларида ҳикмат борлигини англадим. Бугун нимага эришган бўлсам, онажонимдан деб биламан. Мени дуо қилганларида: "Илоҳим, ўзингга ўхшаган келинлар олиш насиб этсин", дердилар. Келинларимнинг менга кўрсатаётган иззат-икромларини кўриб, оқила, меҳридарё қайнонага келин бўлиш бахтини пешонамга ёзган Аллоҳга шукроналар айтаман.

Илоҳим, охиратингиз обод бўлсин, Онажон.

 

Ўктамхон СОЛИЕВА,

Ўзбекистон халқ таълими аълочиси,

Фарғона вилояти Ёзёвон тумани