Йигирма ёшда эдим. Устозим билан бир китоб ўқидик. Номи ёдимдан кўтарилган, араб тилидаги шеърий китобнинг мазмуни бундай эди: ўн уч ёшли қиз оғир касалликка чалинади. Изтиробда қолган онаизор қизига буни билдирмаслик учун, қўлидан нима келса, қилади. Лекин кун келиб ҳақиқатни билган қиз онасига дил сўзларини бундай баён қилади: “Онажон, сиз мени яхши кўрасиз, мен ҳам сизни яхши кўраман. Мени яратган Раббимни эса ҳаммадан ортиқ яхши кўраман. Сиз мени дунёга келтирдингиз, вояга етказдингиз. Олам-олам яхши тилаклар билан, чиройли кийимларда куёвга узатиш орзусида эдингиз. Энди бизларни йўқдан бор қилган, Ўзини янада яқинроқ танитиш учун шу синов-дардни берган меҳрибон ва раҳмли Зот ҳузурига оқ либосда кузатсангиз, хурсанд бўлмайсизми, онажон?

Сабрли бандаларига жаннатни ваъда этган ва сўзига хилоф қилмайдиган Аллоҳ таоло имтиҳонларидан чиройли ўтсак, гўзал мукофотлар билан сийлайди, иншааллоҳ.

Йиғламанг, онажон! Ҳаммамизнинг ҳам бу дунёдан кетар кунимиз бор. Ўзингиз кўп такрорлайдиган ояти каримани эсланг: “Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир...” (Анбиё, 35). Дуо қилинг, ўлим фариштаси чиройли ҳолатда келсин. Сўнгги сўзим имон калималари бўлишини Аллохдан сўранг, онажон!”

Онаизор бу ҳақ сўзлар қошида нима дейишини билмайди, жимгина йиғлаб ўтиради. Вақт-соати келиб, жигарпорасини чиройли ҳолатда сўнгги сафарга кузатади. Сабр ва умид билан жаннатларда бирга қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилади...

Китобни кўзда ёш билан ўқиб чиққан эдик. Ёшлигимда ўқиган асарларимнинг ҳаммасидан кўра шуниси кўпроқ ёдимда қолган. Бунинг ҳам ҳикмати бор экан – орадан ўттиз йил ўтиб бошимга ўша асардаги онанинг куни тушди. Фарзандимдан айрилдим.

Қизим ўзининг бу дунёдан кетишини билиб-сезиб юрса ҳам, мени авайлаган, онамни қўрқитиб юбормай, деб дардини ичга ютган экан. Ўлимидан бир ҳафтача олдин: “Онажон, энди сизни хафа қилмайман, шод-хуррам яйраб яшаймиз. Онанинг меҳри барибир бошқача-да”, деб қолди. Мен турмушга чиқишидан олдин мени тинчлантиряпти, ўзини бошқа оилага кўниктиряпти, деб ўйладим (бир жойга узатишга розилик берган эдик). Қизим эса шу тарзда мендан, бошқа яқинларидан розилик сўраб олган экан.

Юраги олдин ҳам бир-икки марта безовта қилган эди. Дардини енгил санаган, умри охирлаб қолганини сезмаган эканман. Юраги яна хуруж қилди. Кичик қизим ва ўғлим Ёсин сурасини ўқий бошлашди. Шунда ҳам яхши бўлиб қолар, деб умид қилдим. Қизимнинг охирги калимаси: “Саламун қовламмир-роббир-роҳийм”, яъни, (Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур) (Ёсин, 58), бўлди...

Айрилиқ азоби ичра дод солгим келарди. Аммо Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб, ажру савоблар олинадиган вақтда нолиш мўминлик ўлчовларига тўғри келмайди. “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” калимасига тилим зўрға айланарди. Оғир синовнинг изтироблари бир томон, Аллоҳ розилигини топиш учун бу мусибатга сабр қилишим кераклиги ҳақидаги ўйлар бир томон... Юрагим ёнар, ўртанар, кўзларимда ёш билан сабр, куч-қувват сўраб дуо қилардим. Ғам кучини кўрсатди, ҳушимдан кетдим. Ўзимга келганимдан сўнг хайрлашиш учун олиб киришди. Қизим чиройли ҳолатда ётар, гўё ухлаётгандек эди. Боласини кафан ичра кўриш она учун чидаб бўлмас ҳолат. Аммо дуоларим ижобатими, сабрнинг кучи нималарга қодир эканини ўша пайтда ҳис қилдим. Кўзимдаги ёш тинди. Тилимга сўзлар қуйилиб кела бошлади:

“Болам, Аллоҳ таоло сенга бу дунёда она бўлишни менга насиб этди, охиратдаги оналаринг Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) покиза завжалари бўлсин. Раббим сени менга бериб, 25 йил хурсанд қилди. Сенга Ўзини, Пайғамбарини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таниш, Қуръонни хатм қилиш саодатини берди. Бу дунёда етмаган орзуларингга охиратда етгин. Жаннатларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кутиб олсинлар... Сафаринг бехатар, савол-жавобларга тилларинг бурро бўлсин. Дийдор қиёматга қолди, болам. Илоҳим, менга жаннатларда пешвоз чиққин...”

Шуларни айтиб, яна ҳушимдан кетдим. Ўзимга келганимда эса қизимнинг тобути елкаларда кетиб борарди...

Ёнаётган юрагимга бир нарса таскин берарди – қизимнинг охирги сўзи Қуръони карим ояти бўлди, чиройли ҳолатда вафот топди. Бу ҳам бир неъмат, шукрона айтдим.

Оғир синов, мусибатлар пайғамбарлар (алайҳимуссалом), авлиёлар йўли. Аллоҳ таоло менга мусибат бериб, шунга яраша куч-қувват, матонат ато қилганига шукр айтиб келяпман. Иншааллоҳ, ажру савоблардан умидворман. Қалбим ўртанган пайтларда бу дунё ўткинчилигини, бир кун ўтса, қизим билан учрашишга янада яқинлашганимни ўйлаб ўзимни овутаман...

Аччиқ сабрни баҳорда гуллаётган дарахтга ўхшатаман, кузда унинг меваси албатта ширин бўлишидан умидворман. Шу умидворлик ҳисси, Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ эканига ишонч руҳиятимга куч-қувват беради.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Агар менга мусибат етса, ўша ишда тўртта яхшилик, неъмат борлигини тушундим. Биринчиси – у мусибат менинг дину диёнатимда бўлмагани; иккинчиси – Аллоҳ таоло берадиган мусибатлар ичида энг каттаси бўлмагани; учинчиси – Аллоҳ таоло менга сабрдек улуғ неъмат ато этгани; тўртинчиси – Аллоҳ таоло сабр эвазига берадиган ажру савоб” деб, ушбу оятни ўқиган: “Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара, 157).

Дардимни дастурхон қилиш учун буларни ёзмадим. Айтмоқчи бўлганим, бу дунё – синовлар дунёси. Ҳамманинг бошида бир имтиҳон бор, ҳар кимнинг мусибати ўзи учун энг каттадек туюлади. Имтиҳон ичра ўзингизни йўқотманг, Аллоҳдан умидингизни узманг, демоқ истадим.

Онанинг сўзларини Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи оққа кўчирди.