“Эримнинг хизматини қилганим етади! Қайнона-қайнотамга ҳадеб қуллуқ қилаверишим шарт эмас!” Ёшгина келинчакнинг иддаоларидан ўртага нохуш жимлик чўкди. Ўтирганлар отинойига юзланишди. Кўпни кўрган онахон вазминлик билан гап бошлади. Ояту ҳадислар, ибратли воқеаларни келтириб, Ислом дини одамларни фақат эзгуликка чақиришини, хоҳ яқинимиз бўлсин, хоҳ бегона – барчага яхшилик қилишга ундашини тушунтирди.

Афсуски, кейинги пайтда ёш аёллар ўртасида “Қайнона-қайнотанинг хизматини қилинг, деган ҳукм ҳеч бир манбада учрамайди-ку”, деган гап қулоққа чалиниб қоляпти. Бу – юқорида тилга олинган келиннинг эътирози ўринли экан-да, деганими?! Хулоса қилишга шошилмайлик.

Динимизда ибодатда собит бўлган, эрининг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиб, уни рози қилган аёлга жаннатнинг саккиз эшигидан истаганидан киришга изн берилади, дейилади. Ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Эрини рози қилиб вафот этган аёл жаннатга киради” дея марҳамат қилганлар (Термизий ривояти). Эрга итоат вожиб, уни розилиги ила Аллоҳнинг розилигига эришилади. Табиийки, ҳар қандай эркак хушхулқли, ота-онасининг ҳурматини жойига қўядиган аёлидан мамнун бўлади. Қайин-бўйинларини бегона санамай, ўз жигаридек кўрадиган рафиқасини янада ардоқлайди.

Энг чуқур эҳтиромга лойиқ, энг катта эътиборга ҳақли инсонлар ота ва онадир. Қайнота билан қайнона эса ана шу мўътабар зотлар ҳукмида бўлади. Демак, уларни ҳам ота-онамиздек билиб, қўлдан келганча яхшилик қилиш, кексайганда уларга тиргак бўлиш лозим. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро, 23-24).

Ҳадиси шарифларда ҳам бу борада кўплаб насиҳатлар келган. “Аллоҳнинг ризолиги ота-онани рози қилишдадир. Ғазаби эса у икковларининг норозилигидадир”, деб марҳамат қилганлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (Термизий ривояти).

Ҳаётда оддий бир ҳақиқат бор. Бугун ўғилчасини етаклаб юрган келин эртага қайнона бўлади. Бугун кучдан қолган қайнонаси унинг қўлига қараб, юзига термулиб ўтирган бўлса, эртага жувоннинг ўзи худди шу вазиятга тушади. Савоб олишнинг бундай имкониятидан самарали фойдаланган, қайнота-қайнонасидан хизматини аямаган, уларнинг дуосини олиб алқанган келин вақти келиб қилган яхшиликлари самарасини кўради, албатта. Аввало, катталар эъзоз топган оиланинг фарзандлари ҳам худди шу йўлни тутади. “Қайтар дунё”, деганларидек, қайнота-қайнонасига меҳрибон, меҳнаткаш, эпли аёлга, насиб этса, ўзига ўхшаган келин келади. Асосийси, бу дунёда қилинган ҳар битта, ҳатто арзимасдек туюлган мисқолчалик эзгу амал охират тарозусига қўйилади. Аллоҳ розилиги учун бажарилган ҳар юмуш, айтилган ҳар бир ширин сўз, ҳатто табассум ҳам савоб амали бўлиб ёзилади, иншоаллоҳ.

Яна бир муҳим масала. Келин туширишни ният қилган ўзбек хонадонини кўз олдингизга келтиринг. Бу ҳодисага йиллаб тайёргарлик кўрилади. “Келинга атаб бир уй, бир айвон солдик”, деган гапни болаликдан эшитамиз. Имконим йўқ, деганлар ҳам, жуда бўлмаганда, янги беканинг келишига уйни таъмирдан чиқаради. Жиҳозларни бир сидра янгилайди. Ўзбек борки, янги келин билан хонадони файзга тўлишига, шукуҳли кунлар кириб келишига ишонади. Хуллас, умидлар катта бўлади. Ана шу интиқлик билан кутилган келинчакнинг “Мен малай эмасман”, деб чимирилиб тургани қаёқдаю, чеҳраси гул-гул ёниб қўлидан келганча уйини яшнатиб, оила аъзоларининг кўнглини олиб юргани қаёқда!

Қарс икки қўлдан чиқади. Аслида ёшларга насиҳат қилиб, бошини силаб, яхши гап билан йўлга солиш катталардан лозим. Келин мисоли бир боғда ардоқлаб ўстирилиб, бошқа жойга кўчирилган нозик гул. Янги муҳитга, бегона оилага мослашиб кетиши осон эмас. Аммо уни фақат уй юмушларини бажарадиган, беминнат хизматкор ўрнида кўрувчилар ҳам бор. Ундайларни асло ёқламоқчи эмасмиз. Келин ўғилга берилган Аллоҳнинг омонатидир. Буни англаганлар бировнинг жондан азиз жигарпорасига зулм қилмайди, уни ўз қизидек кўради. Аммо бу – алоҳида мавзу.

 

Нилуфар САИДАКБАРОВА,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси