Айрим қайноналар тўй-ҳашамдами, маҳалладами ё бирор ўтиришдами янги туширган келинидан жиғибийрон бўлиб нолиётганини эшитиб қоламан. Шундай кезлар сабрли қайнотаму қайнонамни эслаб, кўзларим ёшланади, ҳақларига дуо қиламан. Меҳрлари, шафқатлари ила, бугун оилам тинч. Неваралар қуршовида бувилик гаштини суриб юрибман. Онамдан болалигимда етим қолгач, отамнинг қўлларида тарбия топдим. Меҳнатни билдим-у, аммо аёлларга турмушда керак бўладиган зарур нарсаларни билмасдим. Ўн етти ёшимда турмушга чиқдим. Қайнотам ва қайнонам маърифатли, диёнатли одамлар бўлгани учун мени ўз қизлари қаторида кўришди.

Бир воқеа ҳамон эсимда. Бир куни қайнонам: “Қизим, мана бу кўйлагимни ювиб қўйинг” деб ўзлари бир иш билан кетдилар. Тоғора тешилган ва у қорасақич билан ямалган экан. Унга кирни солиб, қайноқ сув қуйдим. Не кўз билан кўрай, бояги оппоқ кўйлак ола-була рангга бўялиб қолди. Тушунолмай, тоғоранинг у ёқ-бу ёғини қарадим, билсам, қайноқ сув қуйиб, сақични эритиб юборган эканман. Пешингача битта кўйлакни ювиш билан овора бўлдим. Ҳовлидаги гуллаб турган ошқовоқнинг поялари бўйи баробар мағзава бўлиб кетди.

Намоздан келган қайнотам уйдаги бу ҳолни кўриб бир оз гангиб қолдилар. У ёқ-бу ёқни аланглаб, қайнонамни қидирдилар, шекилли, тополмагач: “Қизим, ойингиз ювишга шунча кўп кир бердиларми?” дедилар. Ҳеч нима деёлмай турганимда, қайнонам келиб қолдилар. Қайнотам уларни кўрган заҳоти: “Кампир, менинг қизимни қийнаб қўйибсиз, эрталабдан бери тоғоранинг бошида шекилли, ҳаммаёқ мағзава бўлиб кетибди”, дедилар.

Қайнонам менга маъноли бир қараш қилдилар-да, тоғора ёнига келдилар. “Вой, ўлмасам...” дея тоғорадан кирни олибоқ бир четга яширдилар. Қилган ишимдан, нўноқлигимдан уялиб, йиғлагудек бўлиб турувдим, қайнотам: “Қизим, дарров чой дамланг, иссиқ нон билан қаймоқ олиб келганман, чой ичамиз”, дедилар.

Қайнонам жаҳлдор бўлсалар ҳам, қайнотамга ҳеч қаттиқ гапирмасдилар, ўринсиз танбеҳ эшитсалар ҳам гап қайтармасдилар. Тўрт йил фарзанд кўрмадик, бирор марта ё қайнотамдан, ё қайнонамдан, ё эримдан: “Нега туғмаяпсан?”, “Туғмас хотинсан?” қабилидаги таъна-маломатни эшитмадим. Аксинча, сабр ва тоқат ила ибодатларда дуо қилишни, Яратганнинг ёлғиз ўзига ёлбориб, Ундан сўрашни ўргандим.

Қайнонам покиза аёл эдилар. Ҳар бир ишни қилишдан олдин қўлимни совунлаб ювиб, “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” деб бошлашимни тайинлардилар. “Овқатдан олдин ва кейин қўлни ювиш Пайғамбаримиз суннатлари” деб доим уқтирганларидан оиламизда бу суннатга қатъий риоя қилинарди. Балки ўша кезлар бу амалларнинг ҳикматини тушунмаган бўлишим мумкин, аммо ке­йинчалик тозалик ва озодалик аёлнинг кўрки, бахти, соғлиғи эканини англадим.

Бу оилада мен ҳурмат, меҳр-оқибат, ширин муомалани ва саришталикни ўргандим. Рўз­ғор юмушларини билмай довдираган кезларим, қайнотам ҳар доим мени қўллаб турардилар, қайнонамни жаҳлларидан тушириш мақсадида “сиз”­лаб кайфиятларини кўтарардилар. Жанжалга айланмоқчи бўлган вазиятлар уларнинг такаллуфлари билан хурсандчиликка айланиб кетарди.

Ҳали бировнинг эшигидаги тутимни ўрганолмай ийманиб турган янги келинни куткилашга, ҳайдашга шошмаслик керак. Уни ҳам қизингизни суйгандай суйинг, яхши гапиринг, ўғлингизга ёмонламанг. Икки ёшнинг тинч-тотув, ували-чували бўлишида, фарзандлари имон-эътиқодли, инсофли бўлишида нафақат ота-онанинг, балки сиз қайнона-қайнотанинг ҳам ўрни катта. Буни унутмаслик зарур.

 

Мукаррам ФОЗИЛОВА