Қиз туғилган куниданоқ ўзига илиқ муносабат талаб қилади. Ўғил болалардан фарқли равишда у атрофдагилар билан тез муносабат ўрнатишга интилади. Қизларга бефарқлик, лоқайдлик ёт, улар доим ҳиссий кечинмаларга ташна. Уларга, албатта, ширин табассум, илиқ сўзлар лозим.

Тадқиқотчилар кузатувларидан хулоса чиқариб, қизларни эркалашни, эътиборли бўлишни, илиқ сўзларни қизғанмасликни тавсия қиладилар. Бундай муносабат уларнинг келгуси оилавий ҳаёти учун асос бўлиб хизмат қилар экан. Чунки қизлар янги хонадон аъзолари билан яқин муносабат ўрнатишга тайёр бўлиш учун меҳр, руҳий-эмоционал бойликка эга бўлишлари шарт.

Қизлар мактабгача ва мактаб ёшида ҳам ақлий ривожланишда ўғил болаларга нисбатан юқори кўрсаткичга (5 баллик тизим бўйича ўғил болалар – 3,9, қизлар – 4,3 балл) эга бўладилар. Бошланғич синфларда ўғил болалар қизларга қараганда кўпроқ толиқади. Баъзи ота-оналар қизлари айрим хислатлари билан ўғил болага ўхшашидан хавотирга тушади. Мутахассисларнинг айтишича, ўсмирлик даврига қадар қизларнинг бундай хулқ-атвори табиийдир. Тўғри, қизлар орасида қизиққон, тўполончи, жуда фаол, ўзини хафа қилдирмайдиганлари ҳам бўлади. Сабрлилик, мулоҳазакорликка ўргатувчи машғулот билан банд қилинса, уларнинг шўхликлари меъёрига тушади.

Аксарият ўсмир қизлар ўйинга қизиқмайди, бирор машғулот билан шуғулланишга ҳаракат қилади, истаклари муҳим аҳамият касб этади.

Ўспирин қизларнинг 20 фоизидан ортиғи ҳар ҳафта, 11 фоизи эса ҳар куни бош оғриғидан қийналади. Томирлар қисилиши, вирус инфекциялари, бош мия ўсмалари, мигрен бу нохушликнинг асосий сабабчиларидан. Мигрен пешонадан бошланиб, секин-аста зўрайиб, бошнинг ҳамма қисмига тарқалади. Ҳаракатланиш, ёруғлик ва шовқин оғриқни кучайтиради. Касаллик соатлаб, кунлаб тинчлик бермаслиги мумкин. Ҳанузгача унинг аниқ сабаби номаълум, бош томирлари ва қон айланишидаги ўзгаришлар оғриқ бошланишига туртки бўлиши мумкин деган тахмин бор.

Бош оғриғи хуруж қилганда бола салқин, нимқоронғи хонада бўлгани яхши. Шифокор тавсия қилган дорилар вақтида берилмаса, кейин қабул қилишнинг фойдаси йўқ. Лекин маълум қоидаларга амал қилинса, мигреннинг олдини олиш мумкин:

– бола вақтида овқатлансин, йўл-йўлакай “нон чайнаш” таомнинг ўрнини босмайди;

– кун тартибини бузмай бир вақтда ухлаш ва туришга одатлантиринг;

– спортга қизиқтиринг;

– қандай ҳолатлар бош оғриғига олиб келаётганини кузатиб, уларни бартараф этинг.

Шифокорларнинг таъкидлашича, кўп ҳолатда мигрен нотўғри овқатланиш билан боғлиқ. Пишлоқ, дудланган маҳсулот, шоколад, кофе, ёнғоқ, тузламалар таомномадан олиб ташлангач, касаллик ортиқча безовта қилмайди. Бола бўш вақтини телевизор ва компьютер қаршисида ўтказмасин, тоза ҳавода сайр қилишга унданг.