Аёл – Аллоҳнинг буюк мўъжизаси. У оила чароғбони, фарзандларимиз ҳомийси, фаровон, гўзал ҳаётимиз, обод хонадонимиз файзидир. Муқаддас динимиз Исломда ҳам аёл мўътабар зот сифатида эъзозланади. Шу боис, аёллар ҳуқуқи масаласи Ислом динида диққатга сазовор масалалардан ҳисобланади.

Қадимдан аҳли сунна вал жамоага мансуб тўрт мазҳаб мужтаҳидлари ва фақиҳлари шу масалага алоҳида эътибор бериб, ўз қарашларини баён қилганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам аёллар ҳақидаги масалаларга бағишланган, жумладан, маҳр, никоҳ, талоқ ҳақида кўплаб китоблар ёзганлар. Буюк фақиҳ Бурҳонуддин   Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарида ҳам аёлларга бағишланган фиқҳий масалалар ўз аксини топган.

Шуни таъкидлаш лозимки, Қуръони каримда аёллар хусусидаги оятлар Нисо, Бақара, Моида, Нур, Аҳзоб каби ўнлаб сураларда кенг ёритилган.

Қуйида ҳанафий мазҳаб фақиҳлари ёзган асарлардан олинган аёллар мавзусига доир баъзи масалалар устида тўхталиб ўтамиз.

Ислом динида аёлларнинг ҳам фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш назарда тутилади ҳамда бунинг муҳим эканлиги таъкидланади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида ҳам аёллар диний, ижтимоий, иқтисодий соҳаларга тааллуқли масалаларда у зотга мурожаат этганлар.

“(Эй Муҳаммад,) Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди” (Мужодала, 1).

Ушбу оятда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига эрининг нотўғри муносабатидан шикоят қилиб келган аёлнинг масаласи унинг раъйига мувофиқ ечиб берилгани ҳақида баён қилинади. Муҳими эса бу оят билан Аллоҳ аёлнинг шаънини улуғлаган.

Илм олишда аёл ҳам, эркак ҳам тенг ҳуқуққа эга. Бу Қуръон ва ҳадис илми қатори бошқа дунёвий илмларни ўрганишни ҳам ўз ичига олади. Аёллар ўзларининг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиқиб таълим олишлари лозим. Жамиятнинг бахти оналар ўстираётган фарзандлар қўлидадир. Инсондаги меҳр-муҳаббат туйғулари, яхши тарбия аввало ўз онасидан ўтади. Шунинг учун бола тарбия қилаётган аёлнинг ўзи таълимотли, тажрибали бўлмоғи лозим.

Ҳанафий мазҳаби бўйича аёл тўла мустақил шахсдир. У мерос олиши ва қолдириши мумкин. Мулкини эркин тасарруф этиши, маҳр, мерос ва бошқа хусусий мулкларидан сарф-харажат қилиш ҳуқуқига ҳам эгадир.

“Никоҳли турмуш диннинг ярмига тенгдир, қолган ярмида ўзи тақво қилсин” дея марҳамат қилганлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Маълумки, оила никоҳга киришиш билан шаръий ҳисобланади. Никоҳ эса икки томоннинг розилиги билан бўлиши лозим.

Ҳанафий мазҳабида қиз болани эрга беришда ўзидан изн сўралади. Унда эрини танлаш учун эркинлик бор. Бу хусусда шундай ҳадис ворид бўлган: “Жувон ўзи хусусида валийсидан ҳақлироқдир. Бокирадан эса ўзи хусусида изн сўралади. Унинг изни эса сукутдир”.

Маълумки, эркаклар хотинлар устида оила бошлиғи сифатида қоим турувчилардир. Чунки Аллоҳ эркакларни аёллардан баъзи бир хусусиятларда ортиқ қилган. Шу туфайли эркакларга ўз оиласини боқиш мажбуриятини юклаган.

Аёлларга эса уйни бошқариш, фарзандни дунёга келтириш ва уни тарбиялашдек соғлом ва фаровон жамият қуришда муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифаларни жорий этган. Агар у жамиятнинг равнақи учун ишлашга иқтидори бўлар экан, у бу ишни оила мажбуриятлари билан уйғунликда бажариши мумкин.

“Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирон неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар”.

Юқоридаги оят аёлларнинг ҳам касб қилишларига рухсат берилганига далилдир.

Чаҳорёрлардан бири Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг қизлари Асмо ҳам тирикчилик қилишда эрига ёрдам бериш учун кўчага чиқиши ва унга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг эътироз билдирмаганлари тарихдан маълум. Ҳанафий мазҳабида аёллар ҳатто
қозилик лавозимида ишлаганларини ҳам таъкидлаш лозим.

Бироқ аёлнинг ишлаши учун бир қанча шартлар санаб ўтилган:

* аввало, эри ёки валийсининг розилиги;

* кийими, ҳаракати ва сўзи билан фитнага сабаб бўлмаслиги;

* табиатига уйғун келадиган, нафосатига зарар етмайдиган ишларда ишлаши:

* ўзининг ва бошқаларнинг шаънига ёмон гап келтирмаслиги лозим.

Ислом эркакларга ўз амр ва қайтариқларини қандай баён этган бўлса, аёлларга ҳам шундай баён этган. Уларнинг мартабалари эркаклар билан баробар эканини уқтириб, эркакларга уларга нисбатан зулмни ҳаром қилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ислом дини аёлнинг ҳаёт ҳақи, ихтиёри, унинг касб-ҳунар қилиши ва мустақил фикр юритиши эркин эканини алоҳида уқтиради.

 

Таҳририят