Фарзанд – ширин неъмат. Мўмин учун, айни вақтда, ўзидан қолдирадиган “садақаи жория”дир. Қуръони каримда фарзандлар ҳам “зийнат”, ҳам “фитна”, деб келтирилади. Демак, улар имтиҳонимиз ҳам.

Ота-она бўлишни орзу қилаётганларнинг ҳаммаси болаларга ортидан қоладиган из сифатида қарайди-ю, улар неъмат бўлиш билан бирга, синов воситаси эканини ҳам ўйлайдиганлар жуда озчилик.

 

* * *

Икки ҳомиладор аёл – бири иккинчи қизининг туғилишини кутмоқда, бошқаси илк фарзанди – қизалоғига интизор.

“Ҳайронман, – деб гап бошлади иккинчи қизига ҳомиладор аёл, – нега хотинлар қиз туғилишидан бунчалик қўрқишади? Иккинчи боламиз ҳам қиз эканини эшитиб, на мен, на эрим хафа бўлдик. Уйга яхши кайфиятда келдик, йўл бўйи қизимизга қандай исм қўйиш ҳақида гаплашдик. Каттамиз эса синглиси билан нималар ўйнашини режалаштирарди. Уйга келдигу ҳаммаси барбод бўлди: ҳомиланинг қиз эканини эшитган қайнонам “Ҳа-а-а”, деди ҳафсаласиз. Кейин аслида ҳеч хафа бўлмаган эримни юпата бошлади: “Майли, ўғлим, насибанг шу экан-да...” Кейин катта қизимизнинг бошини силаб: “Шугинам ўнта ўғилнинг ўрнини босади”, деб қўйди. Эрим эса нима дейишини билмай қолди.

Биринчи фарзандига ҳомиладор аёл суҳбатга қўшилди: “Ҳомилам қизлигини эшитганларнинг аксарияти: “Во-ой, шунақами? Кейингиси ўғил бўлар”, каби гапларни айтишди. Келин бўлиб тушган уйимда уч фарзанд ҳам ўғил бўлгани учун эрим, оиласидагилар ҳам бошданоқ қиз туғилишини орзу қилишди. Лекин атрофдагилар тинч қўймайди, жинси нима эканини билишга қизиқишади, билгач эса...

Бизнинг оилада ўғил йўқ, уч қизмиз. Бувим шу сабаб дадамга кўп зуғум қиларди. Дадам бирор ер ёки шунга ўхшаш мулк олса: “Ўғлим, сен мол йиғиб нима қиласан, ўғлинг йўқ, кимга ҳам қоларди тўплаганларинг?” дерди. Дадам эътироз билдирмас, қаттиқ гапириб юборишдан ўзини тиярди. Бироқ бувим бирон кўнгилсиз иш юз берса: “Ўғлинг бўлганида эди, бошингга шу кунлар тушмасди”, дер эди. Аллоҳга шукр, ҳозир уч куёвлари ҳам ота-онамни худди ўғилларидек ҳурматлашади. Ўз ўғлидан оқибат кўрмаётганлар камми?”

* * *

Бир неча йил олдин бир журналда ўқиганларимни ёндафтаримга ёзиб қўйган эканман: «Баъзи хотинларнинг ўғил фарзанд исташи замирида хўрланиш туйғуси ётади. Бундай аёлларнинг кўпчилиги, эҳтимол, болалигида қиз бўлгани учун доим эътибордан четда қолган; дадаси, акаси, ҳатто укасига бўйсунишга мажбур бўлган. Турмушга чиққач эса, эрининг итоатига кирган. Яъни, қандай ҳолда бўлмасин, ўз билгани бўйича эмас, бошқаларнинг кўрсатмалари асосида “қадам ташлаган”. Бир кун келиб ўғил туғади. Энди қўлида кичик, ожиз ва муҳтож “эркак” бор. Уни меҳру шафқат ила парваришлайди. Гўдак ҳам онасига нисбатан чуқур миннатдорлик ҳисси билан улғаяди, унга итоат қилади. Аёл бахтли: энди унга бўйсунадиган, гапларини жон қулоғи билан эшитадиган кичкина бўлса ҳам “эркак”ка эга. Бу ҳол келин олгунигача давом этади. Ўғли уйлангач, қўлидаги энг катта бойлигини “йўқота бошлаганини” сезган она боласини “тортиб олган” келини билан сабабини тушунмаган ҳолда “жанг” бошлайди».

* * *

Қиз фарзанддан уялиш жоҳилият даври одати эканини китоблардан ўқиймиз, маърузаларда эшитамиз, ёзамиз, тушунтирамиз. Бироқ бу ёмон одат, гумон қилганимиздек, жоҳилият даврида қолиб кетмагандек...

Фарзанд кўриш, унинг жинсини танлаш инсон қўлида эмас.

Жоҳилият даврида ерга урилган қиз фарзанд Ислом туфайли ўз мавқеига кўтарилди. Пайғамбар (алайҳиссалом) қизларини жуда яхши кўрар, улар билан фахрланардилар. Ривоятларда тўртинчи қизлари Фотима онамиз туғилганида Хадича онамиз хижолат бўлганлари, Пайғамбар (алайҳиссалом) эса бундан ҳайрон бўлиб: “Эй Хадича, мен Аллоҳдан машаққати оз фарзанд сўрадим, Аллоҳ таоло менга қизларни ато қилди”, деганлари айтилади. Саҳобаларга ҳам барчамизга маълум ва машҳур қатор ҳадиси шарифлар билан қиз фарзандларнинг қиймати баландлигини баён этдилар.

* * *

Онамнинг бир гаплари бор: “Фарзанднинг ўғил ёки қизи бўлмайди, бари жонингдан бир парча. Лекин фарзанднинг яхшиси, ёмони бор!” Аллоҳ таоло барчамизга хайрли, икки дунёмизнинг зийнати бўладиган фарзандлар насиб қилсин!

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.