Яқин дугонамни ғамгин кўриш мени изтиробга солди. Кўзлари одамга беғубор, шўх-шодон боқарди, энди у қарашлар ўрнини аллақандай аламзадаликми, руҳий толиқишми эгаллаганини кўриб, маъюс тортдим. Ўтган етти йил менинг тоза кўнгилли сирдошимни руҳи синиқ хастаҳол жувонга алмаштириб қўйгандек эди гўё...

Дугонажон, изтиробли ҳикоянгни тинглаётиб, сени қандай юпатишни билмадим. Не-не умидлар билан оила қурган эдинг, аммо турмуш машаққатлари сени тушкунликка туширибди. Эринг билан ажрашиш ёқасида турганингни айтдинг-у, изиллаганча йиғлаб, юзларингни қўлларинг билан беркитдинг... Сабр қил, дейишдан нарига ўтолмадим. Ўтган шу уч ой бир дам бўлса-да сени унутолмадим.

Ўшанда оилавий муаммолар тагида моддий етишмовчиликлар бор эканини гап орасида қистириб ўтган эдинг. Мен яшайдиган жойда қариялар уйи бор. Кўплари бой-бадавлат. Улар билан суҳбатлашганимда, ҳаммасининг юрагида айни дард кўрдим: "Қанийди, бутун давлатимни биргина фарзанд меҳрига алиштиролганимда эди..." деган армонли сўзларини эшитдим...

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига: "Шундай бир кунлар келади, мусулмонлар ноз-неъматлар ичида қолади, уйлар кенг ва ёруғ бўлади", деб башорат берганлар. Камтар, қорни оч юрса ҳам ихлосига содиқ саҳобалар бу гапдан қувониб: "Унда яхши бўларкан, ибодатга кўпроқ вақт ажратар эканмиз, тирикчилик ташвишидан ҳарна бўшаб, Аллоҳ ёди билан бемалолроқ яшар эканмиз", дейишганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Сиз учун ҳозирги ҳолатингиз энг яхшисидир", деган эканлар.

Юрагини мол-дунё ҳаваси тўла эгаллаган инсон мудом бахтсиздир, чунки унда оч қолиш қўрқуви бўлади. Аслида давлатнинг ўзи эмас, унинг ишқи инсонни хароб этади. Хўп десанг, сенга шундай пулдорларни кўрсатай, уларнинг ярали қалбларини кўриб ибрат олган бўлардинг. Дунёда хасталикдан азоб чекиб, бор пулини соғлиги учун сарфлашга тайёр неча-неча миллиардерлар бор...

Азизим, ҳозирги ҳолатинг сен учун балки энг яхшисидир. Кимга қандай ва қанча ризқ беришни ва ҳикматини ёлғиз Ўзи билади. Минг уринма, пешонангга ёзганидан ортиқ ҳам, кам ҳам олмайсан. Балки сен истаган пулдорлик сени очни тушуниш, муҳтожга ёрдам қилиш каби гўзал фазилатларингдан маҳрум қилар, шунинг учун қаноатли бўл ва кўнглингни тўқ қилавер. Сен қалбан бадавлат бўл, мол-дунё ўзи оёқларинг остига сочилсин!..

Бир танишимнинг жуфти ҳалоли кеча оламдан ўтди. Ажал экан, охирати обод бўлсин. Лекин бу қисмат биз каби ёш аёлларни огоҳлантиради. Бундай айрилиқ ҳисси сенинг: "Эримдан кўнглим қолди, қалбим чил-чил синди", деган аразинг ёлғон эканини ўзингга тан олдирса балки...

Эр киши лоқайд ва эътиборсиз кўрингани билан дардини ошкор этавермайди, аёлининг қўполлигини ҳазм қилолмайди. Эрта ота-онанг ўтиб кетса, жуфтинг сенга ҳам ота, ҳам она, ҳам сирдош, ҳам ёр бўладиган ягона таянчинг­дир. Эртага унга бемалол суяна олишинг учун бугун унинг арзимас эркаликларини кўтарақол...

Қадрдоним, турмушда сабр қилиш дегани фақат чидаш эмас экан. Сабр хираликларга кўз юмиш ва тинмай яхшилик учун ҳаракат қилаверишдир. Гина-кудуратларга парво қилмай, ширин сўзларга сахий бўлавериш керак экан. Қадринг ерга урилса ҳам, ўзинг­ни хорланган ҳис қилсанг ҳам, севгингни нобуд қилма, садоқатли бўлиб муҳаббатинг ва сабринг билан аслингни танит бегингга...

Мана бу ибратли ҳикояни эшит: ёши олтмишдан ошган бир қарияни автомашина туртиб кетди. У касалхонага тушади ва ҳали ўзига келиб ҳам улгурмай, ҳамширадан соатни сўради ва шошилиб йўлга отланди. Яна бир муддат касалхонада қолишига кўндиролмаган ҳамшира: "Нега соғлигингиз учун қайғурмай, бунчалик шошиляпсиз?" дея сўрабди. "Хотиним касалхонада, руҳий хасталикдан азият чекади, хотирасини бутунлай йўқотган, ҳатто мени ҳам танимайди. Ҳар куни соат тўққиз яримда нонушта қилади, бу вақт­да унинг ёнида бўлишим керак", дебди чол. Ҳамширанинг: "У сизни барибир таний олмас экан, нега бунчалик унга садоқат кўрсатасиз?" деган гапига қария: "У мени танимаса ҳам, мен унинг кимлигини яхши биламан..." деб жавоб қилди.

Дугонажон, бахт берилмайди, унга эришилади. Узун мактубим билан вақтингни олган бўлсам, ҳақингга рози бўл. Чексиз соғинч билан,

Ҳабиба,

Олмония