Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоятидаги вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Нозбуви Темирова билан мулоқот

 

Мустақиллигимиз даврида миллий қадриятларимиз тикланиб боргани сайин халқимизнинг, айниқса, аёллар ва ёшлар маънавиятини юксалтиришда отинойилар фаолиятининг аҳамияти муҳим экани яққол кўринди.

– Ҳақиқатан ҳам шундай. Маънавият бу – миқёслари, қамрови кенг бир олам, улар ичида таълим-тарбия алоҳида ўрин тутади. Миллатимизнинг асрлар давомида шаклланган, исломий кўрсатмалар билан уйғунлашган, келажак наслларга ва дунё халқларига ҳам намуна бўлишга муносиб таълим-тарбия усуллари, тамойиллари бор. Бу қадриятлар ҳаётда синалган, ўзининг ижобий самараларини берган. Фаолиятимизда бобою момоларимиз улуғ инсонларни баркамол қилиб тарбиялашларига асос бўлган бу таълимотни дастуриламал қилиб олганмиз. Лекин кейинги йилларда ғарбдан “оммавий маданият” номи билан, аслида, маданиятга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бир йўналиш кириб келдики, унинг ахлоқсизликни тарғиб этадиган бузғунчи шамолларидан фарзандларимизни асраб қолиш жамиятимизнинг долзарб вазифасига айланди. Маҳаллаларда отинойининг кириб бормаган хонадони йўқ. Аёллар, ёшлар қалбида она юртимизга, халқимиз ва тарихан бой маънавий меросимизга муҳаббат, уларга садоқат туйғуларини шакллантириш ҳар доимгидек муҳим вазифаларимиздан бўлиб қолаверади. Чунки шундай фазилатларга эга бўлган инсонлар ёт мафкураларга, адашган оқимлар вакилларига, ғаразли ниятларга ўз ўрнида тўғри жавоб қайтара оладилар.

 

Ҳозирги кунда тарбиянинг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш муҳим деб ўйлайсиз?

– Никоҳнинг илоҳий ақд экани ва унинг Аллоҳ ҳузурида тузилишини, оиланинг муқаддаслигини каттаю кичик онгига сингдириш керак. Зеро, инсон тарбияси билан боғлиқ барча ишларимизнинг қандай самара бериши мана шунга боғлиқ. Бу ишни ёшларнинг турмуш қуриши арафасида бошласак, кеч бўлади. Фарзанд туғилгандан бошлаб бу борада атрофдаги катталар ибрат кўрсатишлари керак. Чунки бола ёшлигида тақлид билан кўп нарсага ўрганади. Гапимиз билан ишимиз бир-бирига мос бўлиши керак. Оилада катта авлодга қанча кўп иззат-ҳурмат кўрсатилса, бу фазилат болаларнинг онгига, руҳига сингади. Аёлларнинг турмуш ўртоғига бўлган муносабати ҳам аҳамиятли. Ақлли хотин ҳар қандай вазиятда ҳам эрининг мавқеини баланд тутади. Ҳаттоки ўзи бошқараётган иш бўлса ҳам болалари ва бошқалар олдида: “Мен бу масалада отаси билан бир маслаҳатлашиб кўрай”, деса, болаларига ўрнак бўлади. Баъзида хонадонларга кириб борганимизда: “Фалончи ака, чой қўйиб юборинг”, дейдиган аёллар ҳам бор, жуда хунук кўринади.

 

Ҳозирги кунда аёллар маънавияти билан боғлиқ қандай муаммолар кўпроқ ўйлантиради?

– Бу энди аёлларнинг тарбияси, билими, ҳаётий тажрибаси билан узвий равишда шаклланган савиясига боғлиқ. Бизни ташвишлантирган ҳолат – айрим оналарнинг ўткинчи ҳавасларга боғланиб қолгани, чиройли кийиниш, уйини замонавий буюмлар билан жиҳозлаш, инсонни на жисмоний ва на маънавий жиҳатдан юксалтирмайдиган ўткинчи тадбирларни тез-тез ўтказишга уринишлари... алла, қўшиқлар, эртаклар, ривояту ҳикоятлар билан дунёни таниб келаётган бола тафаккурини бойитишнинг аҳамиятини ҳис этмаслиги ачинарли. Ҳамма ёш оналар ҳам энди тили чиқиб келаётган, ақли ривожланаётган фарзандининг саволларига жавоб беришга тайёр эмас. Фурсат келадики, уларнинг болалари билим олишга ҳам қунт қилмасликлари, қизиқмасликлари мумкин, бунга ўзлари сабабчи бўлганларини ҳар доим ҳам тушунавермайдилар. Афсуски, юқорида айтилган хатоларнинг оқибатида келиб чиқадиган кўнгилсизликларни бир умр тузатишга тўғри келади. Яна бир муаммо: айрим ота-оналар қизлари ёки ўғилларини оилавий ҳаётга тайёрлашни асосан ёшларга сеп тайёрлаш, болаларига моддий жиҳатдан тўкис шароит яратиш деб тушунадилар. Маънавий етуклик, қизни янги хонадонда бажариши керак бўлган вазифалар, кўникиши шарт бўлган вазиятларга тайёрлашни иккинчи даражали деб биладилар. Натижада баъзи келинлар янги оиланинг тартиб-қоидаларига кўника олмайди, муомалани ҳамда катталарни ҳурмат-иззат қилишни билмайди. Моддий бойликларни меҳнат, ҳаракат билан топиш мумкин-у, аммо дарз кетган оилани тиклаш, йўқотилган бахтни қайта топиш ҳар доим ҳам мумкин эмаслигини жуда кеч тушунадилар.

Мана шундай камчиликларнинг олдини олиш учун маҳаллаларда “Ораста қизлар” тўгаракларини ташкил қилдик. Ҳаётда кўпни кўрган, оиласини намунали даражага кўтарган онахонлар қизларни ҳар жиҳатдан оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида суҳбатлар, савол-жавоблар ўтказадилар. Ибратли оилалар ҳақида маҳалла фаоллари гапириб беришади, намунали оилалалар ҳаётидан видеотасвирлар олиниб, намойиш этиляпти.

 

Туман отинойиларининг ибратли ишларини қандай тарғиб этяпсизлар?

– Жомбой тумани бош отинойиси Мавлуда опа Юсупова фаолиятидаги қатъият туфайли бу ҳудудда бидъат, хурофот билан боғлиқ маросимларга деярли чек қўйилган. Илгари ўқиладиган мушкулкушод, бисешанба деган маросимлар ҳозир йўқ. Аза маросимлари билан боғлиқ тадбирлар ҳам диний асосга кўра тартибга туширилган. Тойлоқ туманининг бош отинойиси Гавҳар Йўлдошеванинг ташкилотчилиги билан туманда ҳар йили бир неча марта хайрия марафонлари ўтказилади. Ижтимоий жиҳатдан кам таъминланганларни, беморларни ҳамда имконияти чекланган кишиларни аниқлаб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлайдилар. Пастдарғом тумани отинойиси Санобар опа Мўйдинованинг мулойимлиги, аёллар билан муносабатда жуда эътиборли, маданиятлилиги ибратлидир. Бу ҳол ҳар хил вазиятга тушган хотин-қизларнинг тортинмай олдига кириб келиши ва кўнглини очишига шароит яратади. Ёш отинойилар ҳали ҳаёт ва фаолият тажрибасига эга эмаслар, лекин ёшлар қалбига кириб боришни яхши билишади, уларни тез тушунишади. Яна бир жиҳатни айтмоқчиман: мустақиллик даври ёшлари Қуръони каримнинг маъно таржимасини, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларини ўқиб, англаб, улардаги кўрсатмаларга амал қилишлари учун барча имконият, шароитлар яратилди. Шунинг учун ёш отинойиларнинг диний билимлари анча чуқур. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, каттаю кичик отинойиларнинг бир-биридан ўрганиши мумкин бўлган томонлари кўп. Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда отинойиларнинг билим савияси, дунёқараши, иш тажрибаларини оширишга қаратилган ҳудудий ўқув-семинарлар ташкил этяпмиз. Ўтган йилнинг ноябрь ойида “Маърифатли отинойи” кўрик-танловини ўтказдик. Бу танлов туманларда бошланиб, ўн тўрт нафар ғолиб вилоят босқичида қатнашиб, билим ва тажрибалари бўйича беллашди.

Ҳар ойнинг охирги душанба кунида туман отинойилари йиғини бўлади, унда бажарилган ишлар ҳақида ҳисоботлар тингланади, ечилмай қолган муаммолар бўлса, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиш йўллари топилади.

 

Қайси ташкилотлар, кимлар билан ҳамкорлик қиласизлар?

– Фуқаролар малакасини ошириш ўқув маркази, ички ишлар бўлимлари, туман ҳамда вилоят ҳокимликлари, маҳалла жамғармаси, олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қиламиз.

Кўп тадбирлар ўтказиляпти, лекин оилавий ажримлар, хотин-қизларнинг ўз хонадонини ташлаб пул ишлаб топиш мақсадида чет элларга чиқиб кетиши, билиб-билмай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишлари билан боғлиқ муаммолар учраб турибди. Уларга ечим излаш учун ҳамма туман ва шаҳарларимизда “Аёллар маслаҳат маркази” ташкил этилди. Ҳозир бу марказга мурожаат қиладиганлар сони кундан-кунга ортиб боряпти.

 

Бугунги кунда қайси вазифалар долзарб бўлиб турибди?

– Ҳозирги даврда жамиятимизнинг барча онгли, эзгу ниятли кишилари қаторида отинойилар ҳам дунёда рўй бераётган хилма-хил воқеалар, уруш-тўполонлар, ҳар хил оқимларнинг ғаразли ниятлар йўлидаги хатти-ҳаракатларини теран нигоҳ, ақл, зийраклик билан кузатиб таҳлил этишлари керак. Юртимизда тинчлик, меҳнату ижод билан ўтаётган ҳар бир кунимизнинг қадр-қимматини аввало ўзлари қалбдан ҳис қилиб, бу туйғуни атрофидагиларга сингдира олсинлар. Халқимизнинг “Қуриш қийин, аммо бузиш осон” деган соддаю доно мақоли бор. Ҳаётимизнинг осойишта кечиши, одамларнинг бағри бутунлиги, ғанимат ҳаёт файзли-фаровон ўтиши учун ўзи севган касбига машғуллиги бу – жуда катта бойлик, Яратганнинг инояти. Ота-боболаримизнинг, катта авлоднинг фидойиликлари сабабли насиб этган тақдирга шукрона билан яшайлик.

Муҳтарама УЛУҒОВА суҳбатлашди.