Халқимизда “Сут билан кирган...” деган гап бор. Мазкур ибора кишининг маълум хатти-ҳаракатига изоҳ беришда, бу одат болаликдан борлиги, инсон табиатига хослиги ва уни тарк этиши қийинлиги назарда тутилганда қўлланилади. Бундан келиб чиқадики, она сути нафақат озуқа, балки одамнинг феъл-атворига таъсир этувчи омилдир.

Она сути бола учун турли дорилар мажмуаси ҳам. Аниқроғи, унинг таркибида бола организми учун зарур бўлган барча моддалар жамланган. Энг ҳайратланарлиси, бу сутнинг таркиби мудом бир хил бўлмайди, у гўдак жисми “талабига биноан” ўзгариб туради. Халқаро Табиий кўкрак сути билан озиқлантириш бўйича маслаҳатчилар Ассоциацияси келтирган маълумотларга кўра, масалан, болада шамоллаш бошланаётганда, у иситмаласа она сутида пенициллин ёки димедрол бирикмалари пайдо бўлади. Чақалоқнинг ичи бузилса, лактобактериялар сони кескин ортади. Умуман, касалга чалинган тақдирда ҳам, она сути билан озиқланаётган гўдакда дард осонроқ кечади, асорати камроқ бўлади ва у тезроқ тузалади. Чунки инфекцияга қарши унсурлар, яъни иммун ҳужайралари болага сут билан тайёр ҳолда ўтади. Она сути бола танасида фойдали бактериялар ўсишига қулай шароит туғдиради, зарарли бактерия ва вирусларнинг эса ҳалокатига олиб келувчи муҳит яратади. Унинг таркиби ўрганилганда, саратон хасталигини келтириб чиқарувчи ҳужайраларга қарши муҳофаза моддалари борлиги ҳам аниқланган. Бу кашфиёт ҳозирга қадар бедаво деб ҳисобланаётган, одамнинг умрига зомин бўлувчи касалликнинг янги даво воситаларини ишлаб чиқиш имконини беради. Вақтидан илгари туғилган гўдак алоҳида парваришга муҳтожлиги маълум. Қарангки, бундай болани дунёга келтирган онанинг сути ёғ, оқсил, натрий, хлор ва темир моддаларига, айниқса, бой бўлади. Сутнинг таркиби бола ўсиш даврига мутаносиб равишда ҳам ўзгариб боради.

Она сути кучли озуқа, катта қувват манбидир. Шунга қарамай, у тез ва осон ҳазм бўлади. Шу боис бола организми уни ҳазм қилишга кам миқдорда куч сарфлаб, ўсиб-улғайиш учун талайгина қувват олади. Кўкрак сутини эмиб катта бўлган болалар сунъий озуқа истеъмол қилган тенгқурларига нисбатан ҳам жисмонан, ҳам ақлан тезроқ ривожланиши исботланган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир...” (Бақара, 233). Албатта, икки йил мобайнида болани кўкрак сути билан боқиш она учун бир мунча машаққатли. Лекин бунинг ортида қанчадан-қанча фойда бор. Энг муҳими, эмизиш жараёнида она-бола ўртасида мустаҳкам, бутун умрга етгулик меҳр ришталари боғланади, уларнинг бир-бирига интилиши ортади. Бундан ташқари, бунинг она соғлиғи учун ҳам нафи катта. Тадқиқотларга кўра, фарзандини эмизган аёлларда:

– туғруқдан сўнг организм тезроқ ўз ҳолатига қайтади;

– туғруқдан кейинги депрессия – тушкунлик, асабийлик ҳисси кам кузатилади;

– юрак-қон томир хасталиклари, ревматоид, артрит, қандли диабет ва бугунги кунда кўп учрайдиган кўкрак бези саратони касалликларига чалиниш эҳтимоли кескин пасаяди.

Дунё олимлари йил сайин она сутининг янги-янги қирралари, фойдали жиҳатларини кашф этмоқдалар. Аммо ҳануз бу мўъжиза озуқа тўлиқ ўрганилгани йўқ. Ҳозирги замонавий технологиялар асрида ҳам она сутининг ўрнини мутлақ босадиган сунъий сут кашф этилмаган. Аёл танасида, унинг билвосита иштирокисиз юзага келадиган она сути – мўъжизанинг ўзгинаси. Она на бу жараённи тартибга сола олади, на сут таркибига ўзгартириш кирита олади, на фойда-зарарини назорат қилиши мумкин. Инсон ҳатто танага кирган озуқанинг қай йўсинда сут ҳолатига келишини тасаввур қилишга ҳам ожиз.

Яқинда жаҳон оммавий ахборот воситаларида кишини лол қолдирадиган яна бир тадқиқот натижалари эълон қилинди. Уларга кўра, боланинг комил ривожи учун уни икки ёшга қадар она сути билан боқиш лозим экан. Демак, инсоният яна бир Қуръоний ҳақиқатнинг илмий исботига гувоҳ бўлиб турибди.

 

Ирода АСИЛБЕКОВА