Нуроний онахонларнинг қизғин суҳбатига қулоқ солиб ўтирибман. Бир-бирларини диққат билан тинглаб, фикрлари мағзини чақишга уринишади. Кексаларнинг ҳар гапи қалбга ибрат уруғларини сочади. Суҳбат мавзуи ёшларга кўчди.

– Озгина тобим қочиб, дўхтирга боргандим, – дея кулимсираб сўз бошлади узоқ йиллар ўқитувчилик қилиб, пенсияга чиққан Салима буви. – Дўхтирхона эшигидан оппоқ халатли қизлар чиқиб келишаётган экан. Мени кўрган заҳоти чеккага тизилишиб, салом бериб, йўл бўшатишди. Бири-биридан ёқимли-ей, дуо қилиб ўтдим...

– Дуо қиласиз-да, – гурунгни давом эттирди чевар Баҳрихон ая. – Мен келин бўлиб тушганимда ёш эдим. Қайнонам кўчадан кириб келган одамни ортиқча сўроқ-саволга тутмай, қишми-ёзми, дарров дастурхонга борингизни қўйиб, бир пиёла иссиқ чой беринг, деб ўргатганлар. Энди ўзим бу тарбиянинг ҳикматини тушунгандайман: болаларимнинг уйига борсам, келинларим ёки набираларим қайноққина чой тутишса, чарчоқларим ёзилади, танамга қувват киргандек бўлади.

– Барака топишсин, – бошини аста тебратиб эшитганларини маъқуллаб ўтирган Хайринисо буви сўз навбатини олди. – Қариндош-уруғни йўқлаб йўлга чиқадиган бўлсам, мендан кўра набира келиним кўпроқ ташвиш қилади, рўмолимдан то кавушимгача ювиб-тарайди, кийимларимни дазмоллайди. Дарвозадан чиққунимча ҳали у еримни, ҳали бу еримни тўғрилаб текислайди... Тарбиялаган ота-онасига раҳмат.

Кексалик ҳам болаликка ўхшайди, деганлари шу бўлса керак. Меҳру муҳаббат билан озгина эътибор кўрсатиш, бир пиёла чой ёки бир чимдимгина ёқимли таом тутиш, озода ва ораста юришларига ёрдам бериш, кўнгилларининг раъйига қараб ширин сўз билан суҳбатда бўлиш – ҳаммамизнинг қўлимиздан келадиган, ортиқча харажату ҳаракат талаб қилмайдиган ишлар. Аллоҳ Ўзи шарафлаб шундай улуғ ёшларга етказган инсонларнинг кўнглини олиш, хурсанд қилиш, дуоларига муяссар бўлишнинг мукофоти ҳам икки дунё саодатига етаклагай, иншоаллоҳ.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА