Оламларга раҳмат ўлароқ юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ташрифлари билан жаҳолат занжирлари парчаланиб, инсоният шараф ва ҳурматга қовушди, илм ва ҳурриятга етишди. Зулм ва ёлғон ўрнини адолат ва ҳақиқат эгаллади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келтирган дин туфайли ҳар бир нарса маъно ва қиймат қозона бошлади. Жумладан, жоҳилият даврида ҳуқуқсиз бўлган аёллар эътиборли ўринга кўтарилди. "Жаннат оналар оёғи остидадир" (Хатиб ривояти); "Имон жиҳатидан мўминларнинг комилроғи – хулқи яхши бўлгани ва хотинларига яхши муомалалисидир" (Имом Термизий ривояти) каби кўрсатмалар унинг қадрини юксалтди. Эрлар зиммасига хотинларини ҳартамонлама таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланди.

Динимиз аёл шаънини не қадар улуғлаганини ижтимоий ҳаётдаги иштирокидан билса бўлади. Масалан, Ҳудайбия сулҳида мўминлар онаси Умму Салама (рози­йаллоҳу анҳо) давлат бошлиғининг бош маслаҳатчисига тенг вазифани бажарган. Кейинги замонларда ҳам аёллар жамиятда юқори ўринларни эгаллаб, (масалан, Бангладеш, Индонезия, Покистон, Туркия, Ҳиндистонда) ҳатто давлат ва ҳукуматга бошчилик қилганлари ва қилаётганлари ҳақида мисоллар кўп. Илм аҳли орасида ҳам Ойша онамиздан (розийаллоҳу анҳо) бошланган анъана давом этиб, неча-неча олималар етишиб чиқди. Шарқшунос Голдзихер маълумот беришича, ўрта асрлардаги муҳаддисларнинг ўн беш фоизи аёллар бўлган. Қоҳирадаги Сақлатуния мадрасасида фақат аёллар ишлаган ва мадрасани ўзлари маблағ билан таъминлашган.

Ҳазрат Ойша (розийаллоҳу анҳо) Ислом оламидаги энг улуғ фиқҳ ва ҳадис олимаси бўлган. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жами 2610 ҳадис ривоят қилган. Шогирди Урва ибн Зубайрнинг эътироф этишича, Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ҳалол-ҳаром, араб тарихи ва насабшунослик, адабиёт каби соҳаларда у зотга тенг келадиган олим бўлмаган. Ҳазрат Ойшанинг аёллардан саксон саккиз нафар шогирди бўлса, яна бир онамиз Умму Салама ўттиз икки нафар машҳур муҳаддис аёлни етиштирган.

Машҳур фақиҳа ва муҳаддисалардан Робиъа бинти Муаввад, Умму Атиййа, Умра бинти Абдураҳмон, Умму Саламанинг қизлари Зайнаб, Умму Абуддардо, Фотима бинти Қайс каби ўнлаб олиманинг номи Ислом оламида таниқлидир. Саида Нафиса Имом Шофиъийдек улуғ олим ва маз­ҳаббошига устозлик қилган.

Динимиз оғир ишларни эркакларга фарз қилган. Лекин мактаб, шифохона, туғруқхона, чеварлик корхоналарида аёлларга тегишли баъзи ишлар бор, у ерларда ишлаш билан аёллар эрлар қатори савобга эришади. Ҳанафий маз­ҳаби фақиҳларидан ибн Обидин бундай деган: "Қайси бир иш аёлни эрнинг ҳаққини адо этишдан чекласа, бу хил ишлар ман қилиниши керак. Аммо зарар келтирмайдиган ишни ман этишда маъно йўқ. Шунингдек, бу иш доялик, тикувчилик, муаллималик, тарбиячилик каби фарзи кифоялардан бўлса, буни ҳам ман этиш тўғри эмас".

Уйдами, жамият идораларида ишлайдими, муҳтарама аёлларимизнинг Аллоҳ таоло фарз қилган бирламчи вазифалари бор. Ана шу бурч-вазифалар устидагина аёл эъзозли, иззатли, ҳатто жаннат оёғи остида бўлиши ваъда қилинади.

Зебунисо ҲУСАЙН тайёрлади.