Гулларнинг очилиш олдидан ғунча бўлган даврининг ўзида биз англагану англамаган қанча ҳикматлар бор! Нафис гулбарглар устидаги қалин япроқлар йўргакни эслатади: улар гулни камолга етгунича табиат синовларидан асраб, ҳимоя қилиб туради. Вақти-соати етиб, аввал “йўргак” – япроқлар, кейин эса чирой ва хушбўйга тўлган гулбарглар аста-секин очилади... Бу гапларни айтишимнинг сабаби бор.

Йўл бўйида, бекатдамиз. Имкони борича ўзимни эътиборсиздай тутмоқчи бўламан-у... лекин бошқа тарафга қараганда ҳам, барибир, хаёлим автубус кутувчилар орасида турган ҳомиладор аёлдан нари кетмай қолди. Кўринишидан ой-куни яқинлашиб қолганга ўхшайди.

Назаримда, бундай пайтда аёлнинг бутун вужуди капалак қанотидай нозик, таъсирчан бўлиб қолади. Фақат майин илиқ ҳаволар, танасига куч-қувват бўладиган таомлар, роҳатижон либослар муносиб унга.

Диққатимни тортган нарса шуки, мендан уч-тўрт қадам нарида турган ўша ҳомиладор келинчакнинг кийими жуда тор... иссиқ кунда ўзигаям, юраги остидаги дилбандигаям тўйиб нафас олишга халақит бераётгандай эди: белидан анча юқорида энли чўзма белбоғ сириб боғланган, сунъий матодан тикилган кўйлак ёпишиб турарди.

Оналаримизнинг, опаларимизнинг худди шундай пайтдаги ҳолатларини эсладим: ип ёки ипакдан тўқилган матодан кенг, узун кўйлаклар кийишиб, тўлғоқ дарди тутгунча ҳам уй юмушларини саранжом-саришта қилиб енгил юришаверарди. Бошқаларнинг назарига тушишдан ийманишар, бемаҳалда ёки чекка жойларда ёлғиз қолишдан сақланишар, қайнонаю оналари иложи борича эҳтиёт қилишарди.

Тўғри, замон билан боғлиқ равишда одамларнинг ҳаёт тарзи, либослари ҳам ўзгариб боради. Ҳозирги ёш келинлар бувилари, момолари каби кийинишни тасаввур ҳам қилолмайдилар. Лекин ҳамма даврлар учун ўзгармас бўлган ҳақиқатлар билан ҳисоблашмасликнинг оқибати яхши бўлмайди.

Ҳомиладор аёлларнинг жисмоний, руҳий ҳолатлари билан боғлиқ талаблар борки, уларга риоя қилганлар ўзи ва дунёга келажак боласининг жисмоний ва руҳий саломатлиги учун жон куйдирган бўлади. Бугунги ёш келинларда ҳомиладорлик даврининг аввалгиларга нисбатан бирмунча қийин кечаётгани борасида замонавий тиббиёт бонг урмоқда, ўзимиз ҳам кўриб-билиб турибмиз. Бу муаммога дунё миқёсида рўй бераётган экологик ўзгаришлар, глобаллашув даврининг тезкор ҳаёт тарзи энг катта сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Лекин ҳар бир онгли инсон Аллоҳдан ёруғ дунё ҳаётининг энг ширин неъмати – тўрт мучаси соғ, ақлу ҳуши жойида, эзгу орзуларини рўёбга чиқарадиган фарзанд сўраш билан бирга, Яратганнинг бу бебаҳо омонатини дунёга келгунича ва дунёга келганидан сўнг ҳам жисмонан, маънан соғлом бўлиши учун имкони етганича ҳаракат қилиши хайрлидир, иншоаллоҳ.

Ҳомиладор аёлнинг об-ҳавога, шунингдек, саломатлик ҳамда одоб-ахлоқ талабларига мос кийиниши унинг маънавияти, маданияти, билими, андишаси юксаклигини кўрсатади.

– Ҳомиладор аёлларнинг ки­йимлари имкони борича табиий матолардан тикилгани яхши, – дей­ди гинеколог шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳодат Собирова. – Шунингдек, либос баданга жуда ёпишиб турмасин. Сабаби, биринчидан, тана тоза ҳавога тўйиниши керак; иккинчидан, айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида тор-танқис кийимлар терини қизариб яллиғланишига олиб келади.

Бу ҳар жиҳатдан таъсирчан ва нозик бўлиб қолган ҳомиладор аёлга ва жисмида ривожланаётган болага салбий таъсир этиши мумкин. Оёқ кийимлар ҳам паст пошнали, қулай, енгил бўлсин.

Ҳомиладорлик – Аллоҳ аёлларгагина насиб этган энг гўзал фасл. Бу бахтни Парвардигори олам кимга инъом этса, табиий чиройни ҳам қўшиб беради гўё. Фаришталар уни қўриқлаб, асраб-авайлаб юрганга ўхшайди, ўзи ҳам фариштадай... бу таърифдан ортиқ ташбеҳ топа олмадим сизга, азиз келинжонлар.

Аллоҳ икки жонни омон сақлаб, фарзандингизни эсон-­омон бағрингизга босишингизга оқ йўл берсин.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА