Қодир ва моҳир Яратувчи ўзининг беқиёс тадбиру чеварлиги билан ҳар бир яратиғига мукаммалликни ато этиб қўйган. Олимлар ҳомиланинг ривожланиш жараёнини ўрганиб, Аллоҳ таолонинг тенгсиз қудратига яна бир бор иқрор бўлдилар.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон Аллоҳнинг изни ва қудрати билан она раҳмида пайдо бўлади. Қирқ кунда лахта қонга айланади. Ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ҳақиқатан, сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув (нутфа) ҳолида амалга ошади. Сўнг шунча муддат ичида лахта қон (алақ) ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт (музға) ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуркайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани – ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш буюрилади” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).

Илм-фан шуни аниқладики, ҳомила 120 кунлардан кейин ўйлаш-фикрлаш иқтидорига эга бўлади. “Фикрловчи ҳомила” китобида тадқиқотлардан чиқарилган қуйидаги хулосалар келтирилади: Аниқланишича, мия ишлаганида электр ўзгаришлар кучайиши керак. Бироқ илк олти ҳафта давомида бола миясида ҳеч қандай ўзгаришлар содир бўлмайди. 120 кундан кейин секин-аста кучсиз электр ҳаракатлари пайдо бўлади. Демак, бу ҳолатни фикрлаш деб айтиш мумкин.

Зеро, 120 кундан сўнг ҳомилага жон ато этилганидан кейин фикрлаш бошланади. Масалан 23 ҳафталик (161 кунлик) ҳомила кундузи уйғоқ бўлса, кечаси она билан у ҳам ухлайди. Ухлаш эса, ақлнинг маълум бир қисмини ишлатиш иқтидорига далил бўлади... (“Фикрловчи ҳомила” китобидан).

Шу даврда ҳомила яна она қорнида, бармоқларини сўриш, ҳис-туйғуларини билдириш, тепиниш кабиларни амалга оширади. Тадқиқотлар яна шуни кўрсатадики, ана шу пайтда болада хотира шаклланади. Шунингдек, эшитиш қобилияти ривожланиб, турли товушларни ажрата бошлайди, баъзи товушларни эслаб қолади.

Ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатади:

– Ҳомила бўлган даврида кўпроқ эшитган сўзларни бола туғилганидан сўнг ҳам эшитишни яхши кўради.

– Она кўриб ёки эшитиб хотиржам тортган мусиқа ёки кўрсатувларни тинглаганда бола ҳам тинчланади.

Яъни, бу вақтда она Қуръони карим ёки унинг баъзи сураларини такрор қилиш орқали болага уни таълим бериши мумкин бўлади. Шунда бола туғилгач, айнан ўша сураларни ёдлаши осон кечади. Агар доимий равишда Қуръони каримни ўқиб, болага эшиттириб борилса, кейинчалик Аллоҳнинг тақдир-иродаси билан бола уни тиловат қилишни хуш кўради.

Бир тасаввур қилинг, бу ҳолда ҳомиладор аёл қанчалар улкан савобларга эришади. Ҳам Қуръони каримни ўқигани, ҳам боласига ўргатгани, ҳам ҳомиладорлик машаққатларига чидагани учун Аллоҳ унга ҳисобсиз савоблар ёзади, иншоаллоҳ!

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фарзандини ҳар томонлама комил инсон бўлишини истаган ота-оналар тарбияни уларнинг ҳомилалик пайтидан бошлаганлари маъқул.

Зокиржон ШАРИФОВ,

Тошкентдаги "Яккасарой" жоме масжиди имом-хатиби