Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси – катта масъулият. Бу борада оталарнинг ўрнини камситмаган ҳолда, оналар ўрни беқиёс эканини айтиш ўринли. Зеро, халқона тил билан айтганда, эркак – кўчанинг одами: оила эҳтиёжини таъминлаш, аҳли аёлига ҳалолдан едириш, кийдириш учун ишлайди, тер тўкади. Эркакнинг топганини ўрнига сарфлаш, хонадон покизалигини сақлаш, фарзандларни яхши тарбиялаш орқали оиладаги маънавий муҳитни тўкис қилиш аёл зиммасига тушади.
Оналар ва болалар ўртасида руҳий ва биологик жиҳатдан боғланиш мустаҳкам. Бундан тарбия жараёнида таъсирчан омил сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бироқ барча оналар ҳам ана шу тарбиявий таъсирдан тўлиқ фойдаланяпти, дея олмаймиз.
Ҳозирги кунга келиб аёллар ўртасида “гап ейиш” яхшигина урфга айланди. Бундан ташқари, интернетдаги ижтимоий тармоқларда уй бекаларининг фаоллашиб бораётгани ҳам сир эмас. Эътибор берсангиз, оналар учун энди болалар тарбияси эмас, турли ўтиришлар, интернет мулоқотлари муҳим бўлиб қолаётгандек. Бу каби ишлар замонавийлик белгисидек кўринса ҳам, аслида, оналарнинг болалар ва уларнинг тарбиясидан узоқлашувидан бошқа нарса эмас. Шу тарзда баъзи оилаларда ота-оналар ва фарзандлар ўртасида мулоқотнинг камлиги, ўзаро эътиборнинг пасайиши, муносабатларнинг ёмонлашуви натижасида асабий танглик, ҳатто ўз жонига қасд қилиш сингари оғир ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.
Бизнинг давр фарзанд тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам жиддий ёндашишни талаб қилади. Вақтимизни “ўтириш”ларга, “гап ейиш”ларга сарфламай, фарзандларимиз ёнида кўпроқ бўлайлик, уларнинг ўқишлари, орзу-мақсадлари билан қизиқиб, пешонасидан силаб, ҳақларига хайрли дуолар қилайлик. Шунда улар телефондан, интернетдан “дўст” қидиришмайди, кўнгилларини бизга очишади.
Оилада отанинг бошқарувчилик ўрни аниқ бўлса, она аёллигини англаб, эрига итоатда бўлса, болалар эътибордан четда қолмайди, жиноятчилик кўчасига кирмайди, адашган оқимлар таъсирига тушмайди. Оила парокандалигининг олди олинади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг”, деб таъкидлаганлар. Зеро, икки дунёмиз обод бўлиши фарзандларимиз камолига боғлиқ. Шундай экан, бу йўлда лоқайдлик қилмасликка, ҳар дамгидан ҳам ­эътиборли бўлишга мажбурмиз.
Гулрух АШУРОВА,
Фарғона  вилояти Данғара тумани бош отинойиси