Динимиз бизларни пок­ликка, бир-биримизни ҳурматлашга, ғазабни жиловлаш, кечиримлилик, ҳалимлик, камтарлик, шарм-ҳаёни маҳкам ушлашга, яъни чиройли хулқ эгаси бўлишга тарғиб қилади. Зеро, яхши адаб соҳибларининг ҳамиша юзи ёруғ, сўзи таъсирли бўлади. Бу талаб барча мусулмонга бир, эркак-аёлга ажратилмайди. Лекин яна бир ҳақиқат бор – эркакнинг ахлоқи чиройли бўлгани яхши, аёлнинг одоби гўзал бўлгани нур устига нурдир.
Азалдан аёлларга ҳаё тимсоли, одоб намунаси сифатида қаралган. Чунки насллар давомчиси, фарзандлар тарбиячиси бўлиш шуни тақозо қилади. Бу масъулиятни ҳис этган ҳар бир аёл, она вазифасини чин дилдан адо этиш учун ҳар қандай фидойиликка тайёр туради. Бошқаларга намуна, ўрнак кўрсатади. Бироқ аёллар орасида хунук хулқи билан хонадони нотинч­лигига, оилалар бузилишига, қўшнилар ўртасига низо тушишига сабабчи бўладиганлар ҳам борлиги дилга оғриқ солади. Баъзан кўринишидан бамаънига ўхшаган ёши катта аёлга ҳавас ила қараб турсанг, оғзидан чиққан беҳаё сўзларни эшитиб ихлосинг қайтади. 
“Аёл – муқаддас, аёл – она, аёлни асранг”. Бундай шиорларни кўп учратамиз. Ўйлаб қоламан, уларга энг олдин ўзимиз амал қилишимиз керак эмасми? Лекин биз нима қиляп­миз? Оила­да қандай иш тутяпмиз, эркакнинг ўрнига даъвогар бўлмаяпмизми? Кўчада соатлаб ўтириб ўтган-кетганни хижолатга қўймаяпмизми? Қариндош-уруғларини эримизга ёмон кўрсатиб, ака-укаларни бир-биридан айириб юбормаяпмизми? “Ҳамма ҳозир қизига шунақа мебел олади, мана бундай байрамликлар жўнатади”, дея турмуш ўртоғимизни қулоғигача қарзга ботирмаяпмизми? 
Шу саволларни бериб, ўзимизни ўзимиз тафтиш қилайлик. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) айтганларидек, биздан ҳисоб сўраладиган кунга етмасдан туриб, ўзимиздан ҳисоб сўрайлик. Бизлар аёлмиз, онамиз, ояти карималарда, ҳадиси шарифларда ўрнимиз, мавқеи­миз белгилаб қўйилган, улуғ ажрлар ваъда қилинган, катта имкониятлар берилган. Улардан унумли фойдалансак, ҳар соҳада ўрнимизни билсак, фарзанд тарбиясини тўғри йўлга қўя олсак, шундагина жаннат оёғимиз остида бўлади. 
Шундай экан, хулқимиз, одобимизни гўзал қилайлик, гуноҳлардан сақланайлик, яхшиликда бардавом бўлайлик, жуфти ҳалол, она, ҳамкасб сифатида ҳам гўзал ўрнаклар кўрсатайлик. 
 
Гулруҳ АШУРОВА,
Фарғона  вилояти Данғара тумани